📖 Ҳикоялар

УЧ ДЎСТ ёхуд ИККИ ҚИЁФА

8 дақиқа 2.3К марта ўқилди
УЧ ДЎСТ ёхуд ИККИ ҚИЁФА
Хасан, Хусан ва Дилмурод мактаб давриданоқ қалин дўст эдилар. Бу иноқ учликка бошқа болалар ҳавас билан қарашар эди. Уларнинг интилишларию ният-мақсадлари ҳам бир хил. Мактабни тамомлагач, ТошДУнинг молия факултетига ҳужжат топшириш ва келажакда етук банк мутахассиси бўлиш орзусида эдилар. Шу сабабли ҳам бу учлик мактабнинг ўзига яраша шўхликлари билан бир қаторда фанларни ўзлаштиришни ҳам қойил қилишарди. Ҳаттоки ҳар йили бўлиб ўтадиган фан олимпиадалари ҳам уларнинг иштирокисиз ўтмасди.

Ойлар кетидан йиллар қувиб ўтиб, мактаб партасини тарк этиш фурсати ҳам етиб келди. Улар ўзлари орзу қилган олий таълим даргоҳига ҳужжат топширишди. Не бахтки, Дилмурод ва Хусан талаба бўлиш бахтига муяссар бўлишди. Аммо Хасанга омад кулиб боқмади: охирги имтиҳондан паст баҳо олиб йиқилди.
Вазият тақозоси туфайли энди Хасан қалин ўртоқларидан узоқлашган эди. Ўқиш давомида Хусан ва Дилмуродларнинг дўстлиги эса аввалгидан-да қалинлашиб кетди. Албатта, улар Хасанни ҳам унутишмади. Уч дўст ҳар ҳафтада ҳеч бўлмаса бир маротаба йиғилиб, учрашиб турардилар. Лекин меҳр кўзда деганларидек, Хасаннинг дўстларига бўлган муносабати аввалгидек эмасди. Айниқса Хусан яқин дўсти бўлиши билан бир қаторда ўзининг туғишган укаси бўлса-да, уни душманидан баттар ёмон кўриб қолди. Унинг юрагида Хусан ва Дилмуродга нисбатан хасад ўти пайдо бўлганди. Аслида инсонни тубанликка бошловчи бу туйғу Хасаннинг қалбида имтиҳон жавоблари эълон қилинган куни учқунлаган эди. Вақт ўтиб эса, икки дўстнинг қўлга киритаётган ютуқларини кузатган Хасаннинг дилидаги кўролмаслик аланга ола бошлади. Икки дўст ўқишни тамомлаб, обрўли банклардан бирига ишга жойлашишгач эса у бир жойда ўтира олмай қолди.
Бу орада Хасаннинг ҳаётида ҳам бахтли воқеалар юз бериб улгурган эди. Яъни у ёз ойлари ўз севган қизи билан оила қурди ва яна орадан бир ой ўтар-ўтмас ўқишга қабул қилинганлиги ҳақидаги хабарни эшитди. Ниҳоят у тўртинчи уринишда олийгоҳнинг ўзи орзу қилган факултети талабасига айланган эди. Бироқ уни ютуқлар қувонтирмади. У ўзини ҳозирда рақибга айланиб улгурган дўстларидан тўрт йил ортда қолганини ўйлаб, ич-этини ер эди. Хасан-Хусанларнинг тўйида Дилмурод бел боғлаб хизмат қилди. Орадан ҳеч қанча ўтмай Дилмуроднинг ҳам тўйи бўлди. Лекин Хасан ўз тўйларида укасини бир оғиз табриклаб қўймагани қатори Дилмуроднинг тўйида ҳам бирров қатнашиб табриклашга ярамади. Бу эса унинг фақат ўзи ва Худогагина аён бўлган ғараз туйғусининг ифодаси ва шу йўл билан рақибларига нисбатан яширинча исёни эди.
Икки дўст Хасанга нимадир бўлганлигини, ундаги ўзгаришларни пайқашса-да, жиддий эътибор беришмади. Унинг ҳаракатларидан норози бўлмай, аксинча, нима қилиб бўлса ҳам унга ёрдам беришга ҳаракат қилдилар. Хусан бир қориндан талашиб тушган акасига ҳам содиқ дўст, ҳам жигар сифатида доимо кўмаклашарди.
Икки дўст ўзлари ўқишни битиргач, ишга олинган банкка Хасанни учинчи босқичда ўқиб турган пайтидаёқ жойлаштириб қўйишди.
– Мана дўстим, энди учаламиз яна биргамиз. Худо хоҳласа дўстлигимиз абадий бўлади, – дея ният қилди Дилмурод, "катта ака”ни биринчи иш куни билан табриклар экан.
Хусан ҳам унга қўшилиб оғасининг қўлларини самимий сиқиб қўйди.
Ака сиртида кулиб миннатдорчилик билдирди. Лекин ичидан нималар ўтганини ўзи биларди. Уларнинг ишга жойлаштириш йўли билан чин дилдан қилган саховатларини у умуман бошқача тушунди.
«Ўзини катта олишини-чи, буларни. «Мана, ишга олиб кирдик. Энди юрасан бизнинг соямизда…» демоқчи бўлишяптими?! Ҳали кўрамиз, сенларни бир бопламасамми…» деган ўй ўтди унинг хаёлидан. Лекин яна бир нарса ҳам бор эдики, Хасан ҳеч қачон дилидагини юзига чиқармас, истаган пайтда истаган ниқобини кийиб олишга устаси фаранг эди. Шу маҳорати туфайли у ўзини худди аввалгидек тутар ва ўзини дўстларидан жуда ҳам миннатдор кишидек қилиб кўрсатар эди.
Шу тахлит кунлар кетидан кунлар ўтиб, Хасан банк ишларига анча ўрганиб қолди. У икки дўстидан идорадаги ишларнинг ўзига хос сирларини ўрганиш билан бир қаторда, уларнинг нозик томони қаерда эканлигини зимдан кузатди. Шу билан бирга бир вақтнинг ўзида ҳам икки дўстнинг орасига совуқчилик солиш, ҳам ишдан мосуво қилиш йўлини ўйлар эди. Ниҳоят кутилган вазият етиб келди. Йил охирида банк тугаётган йил тўғрисида ҳисобот тайёрлаши ва марказий бошқармага юбориши керак эди. Банк раҳбарининг ўринбосари сифатида бу вазифа Дилмуродга тегишли эди. Барча норматив ҳужжатлар унинг имзоси асосида тасдиқланар ва йил охиридаги ҳисоботни тайёрлаш ҳам унинг иши эди. Кредит бўлими бошлиғи вазифасини эса Хусан бажарарди. Ҳасан эса банк ходими сифатида фаолият кўрсатарди. Шундай бўлса-да, Дилмурод ҳам, Ҳусан ҳам ҳеч қачон Хасанга ўзларини раҳбар тутиб муносабатда бўлишмасди. Уларнинг муносабати ўта самимий ва дўстона эди. Ҳаттоки улар Хасан тутқизган ҳар қандай ҳужжатга танишиб чиқмай туриб имзо чекиб берар эдилар.
Декабр ойининг бошлари. Нимадир бўлди-ю, меҳнат таътилида дам олаётган ака укасидан хабар олгани банкка келди. Ҳусанхон қаергадир чиқиб кетган, хонасида ҳеч ким йўқ эди. Укасининг хонасига бемалол кириб келадиган Ҳасан бу гал ҳам одатдагидек хонага кирди-да, креслога ястаниб ўтириб олди. Бу пайтда асосий иш соати тугаётган, ҳамма ходимлар кетишга чоғланаётганди. Шу пайт эшик тақиллади. Ҳасанхон киришга рухсат берди. Хонага 50-55 ёшлар чамасидаги киши кириб келди.
– Ассалому алайкум. Хусанхон Аслиддинович, мумкинми?!
– Келинг ака, келинг, – деди Хасан сир бой бермай. У меҳмоннинг нима мақсадда келганини билиш учун яна қойилмақом рол ўйнай бошлади.
– Шу десангиз ука, бир кичик корхона очиб, тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи эдим. Анча вақт елиб-югуриб, керакли ҳужжатларни тўпладим. Мана, ҳаммаси мана бу қоғозларда ёзилган.
Киши папкасидан турли қоғозларни олиб, Хасанга узатди. У эса қўлига ҳужжатларни олиб, эринмай бирма-бир кўз югуртириб чиқди.
– Яхши, ака! Хўш, биздан нима хизмат? Муаммо нимада? – сўради у жиддий оҳангда.
– Масала шундаки, корхонага ҳисоб рақами очишга ҳали улгурмадим. Идорадагилар, агар эртагача шу ишни ҳал қилмасам, корхонани тасдиқдан ўтказиш келаси йилга қолиб кетишини айтишди. Шунга сиздан илтимос, ука, ёрдам қилиб юборсангиз.
Ҳасан бу гапни эшитгач, кўзлари чақнаб кетди. Кўз қири билан кишининг қўлидаги қора сумкага назар ташлади. "Наҳотки шуларнинг ҳаммаси пул бўлса?!” ўйлади у. Лекин суҳбатдоши ундаги ўзгаришни пайқамади.
– Сизни тушунаман, ака. Лекин бу бир-икки кунсиз битмайдиган иш, – деди у ўзини хотиржам тутар экан. Бунинг устига ҳозир йил охири. Биз ҳам бошқармага ҳисобот топширишимиз керак. Ходимларнинг вақти тиғиз.
– Укажон, сиздан илтимос, бир нарса қилинг. Ўзи шундоқ ҳам чўзилиб кетди. Сизни ҳам бир хурсанд қиламан. Кўринишингиздан олижаноб инсонга ўхшайсиз.
Энди талабгор хушомад қилишга ўтганди. Бошидаёқ ичида «жон» деб турган Ҳасанга бу мойдек ёқиб тушди. У ўзини бир муддат ўйлангандек қилиб кўрсатди-да, рози бўлди.
– Корхонангиз ҳисобига қўйилиши керак бўлган пул ёнингиздами? – сўради у ўзини беэътибор тутганча.
– Ҳа, албатта. Мана олиб келганман,–деди ҳалиги киши қувончини яширмай жилмаяр экан.
– Унда дуруст. Сиз пулларни менга ташлаб кетаверинг. Ҳозир кеч бўлди. Эртага эрталаб касса очилгач, ўзим кирим қилиб қўяман. Ҳисоб ҳақидаги ҳужжатни эса эртага тушдан сўнг банк бошлиғи ўринбосари Дилмурод Комиловичнинг қабулхонасидан олиб кетасиз. Келишдикми?!
– Албатта укажон, албатта, – киши шундай деганча қўлидаги пулларни стол устига қўйди ва яна ён чўнтагина кавлаб, юз АҚШ доллари қийматидаги купюрани Ҳасанга узатди.
– Бу нима қилганингиз, акахон?! Ҳизмат учун мен бир тийин ҳам олмайман. Атаганингиз бўлса, эртага ҳужжатни олиб кетгани келганингизда, Дилмурод Комиловичнинг шахсан ўзларига топширасиз.
– Хўп, хўп ука.
Киши қўлини кўксига қўйиб хонадан чиқиб кетди.
Хасанхон неча йиллардан буён ўйлаб юрган мақсадига етганди. У бир оздан сўнг сумкадаги пулларни олди-да, тез-тез юриб хонадан чиқиб кетди. Унинг келиб кетганини ҳатто эшик остида турадиган қоровул ҳам пайқамай қолди.
* * *
Томошанинг каттаси эртаси куни юз берди. Ҳеч нарсадан хабари бўлмаган Хусан ўзи билан бевосита боғлиқ бўлган машмашанинг устидан чиқди. Дилмуроднинг хонасида кимдир «Пулларимни топиб берасанлар! Сенларга ҳали кўрсатиб қўяман!» дея бақирар эди. Котиба қиз Хусанни кўриши билан уни Дилмурод сўраётганини айтди. Дўстининг хонасига кирган Хусаннинг бошидан мағзава ағдарилди. ўирт бегона қандайдир киши ундан катта миқдордаги пул талаб қиларди. Хусан эса ундан ҳеч қандай пул олмаганини куйиб-пишиб тушунтирарди. Воқеани асабий кузатган Дилмурод кескин бурилиш қилди.
– Мен сендан буни кутмагандим. Дўстлигимиз оқибати шу бўлдими?! Сенга ўзимдан ҳам кўпроқ ишонган эдим. Эндиликда ҳаётимдаги энг катта хатоим ҳам ана шу бўлди. Сени деб энди ишдан ҳайдалишим, қамалиб кетишим мумкин. Майли, мен мана бу одам айтган пулни бир амаллаб топиб келаман. Лекин энди орамизда ҳеч нарса йўқ. Гап тамом. Чиқ хонадан!
Энди қаршилик кўрсатиш бефойда эди. Хусан кўзида ёш билан айни дамда ғирт бегона бўлиб улгурган яқин дўстининг хонасини тарк этди.
– Акажон, сиз мана шу хонада ўтириб туринг. Мен кечгача ўша миқдордаги пулни топиб келаман.
Дилмурод шундай деб, жабрланувчи кишини орган ходимларини чақирмай туришга кўндирди. Чунки агар ҳозир у пулни топмаса, тез орада топширилиши керак бўлган банкнинг йиллик ҳисоботини ҳам ёполмас, бу эса ишдан ҳайдалиши ва қамалишига олиб бориши мумкин эди. Дилмурод минг хил хаёллар оғушида машинасига ўтирди ва пул олиши мумкин бўлган барча танишларининг уйига бирин-кетин кириб чиқа бошлади. Афсуски, ҳеч кимда унга керак бўлган миқдордаги сумма йўқ эди. Ҳамма танишлари ҳайрон: «Ўзи пулнинг ичида ишлайди-ку!.. Нима бўлди экан?!»
Дилмурод дўстини йўқотганини, катта пул топиш муаммосини ўйлаганча қаттиқ сиқилган кўйи машина ҳайдаб борар экан, йўлни кесиб ўтаётган пиёдани кўрмай қолди. Қаттиқ тормоз берди. Лекин катта тезликда келган машина пиёдани анча нарига улоқтириб ташлаган эди.
Нима воқеа юз берганини фикр ҳам қила олмай қолган Дилмурод карахт бўлиб машинадан тушди. Бирпасда тўпланган оламон эса ердан нималарнидир териш билан банд эди. Бадани совий бошлаган жасад олдига келган Дилмурод хазон сингари сочилиб ётган пулларни ва қип-қизил қонга бўялиб ётган дўсти Хасанни кўрди. Тақдир акани қилмишлари учун қаттиқ жазолаганди. У бу сафар рол ўйнамаётган эди…

Изоҳлар

0
Фикрингизни қолдиринг
Изоҳлар текширувдан сўнг чиқади.

Ҳозирча изоҳ йўқ — биринчи бўлиб фикр билдиринг!

Шу мавзуда

Бўлимга ўтиш →
СИНОВ
Ҳикоялар

СИНОВ

17-август, 20191.8К