🍰 Ширинликлар

Безе тайёрлаш ретсепти - керакли масаллиқлар, тавсиялар, сирлари

2 дақиқа 2.7К марта ўқилди
Безе тайёрлаш ретсепти - керакли масаллиқлар, тавсиялар, сирлари
Безе тайёрлаш ретсепти жуда оддий, бунинг учун тухум оқларини шакар упаси билан уриб кўпиртириш керак. Баъзан лимон шарбати қўшиш талаб этилиши мумкин. Бироқ десерт ҳаводор ва мазали бўлиши учун тавсияларга қатъий амал қилиш ва масаллиқлар нисбатини билиш зарур.

БЕЗЕ ТАЙЁРЛАШ РЕТСЕПТИ
Тайёрлаш вақти: 2 соат | Портсиялар сони: 30-40 дона
Керакли масаллиқлар:

Тухум — 3 та;
Шакар — 180 г;
Лимон шарбати.
Тайёрланиши:

Тухумнинг оқи сариғидан ажратиб олинади. Сўнг оқ қисми миксер ёрдамида дастлаб паст тезликда тахминан 30 сония кўпиртирилади. Кўпира бошлагач, тезлик ўртача кўрсаткичга келтирилади ва қуюқ кўпик ҳосил бўлгунча уришда давом этилади.

Кейинги босқичда аста-секин шакар упаси қўшила бошланади. Упа қўшиб бўлингач, миксер ўчирилади ва аралашма қошиқ ёрдамида идиш четига сачраган оқсилларни туширган ҳолда енгил аралаштириб олинади.

Шундан сўнг якуний равишда миксернинг энг юқори тезлигида аралашма мустаҳкам кўпик ҳосил бўлгунча яна бир бор кўпиритирилади. Безе асосининг тайёрлигини билиш учун идишни тескари қилиш керак: тайёр кўпик жойида қолади.

Асос қандолат халтачасига солинади. Албатта у бўлмаса, қошиқдан фойдаланиш ҳам мумкин. Ягона фарқ пишириқнинг кўринишида бўлади.
Духовка 100 °Ц гача қиздирилади. Противенга пергамент қоғоз ёйилиб, унинг устига безе қуйиб чиқилади. Духовканинг ўрта қаватига қўйиб, безенинг катталигига қараб 1 — 1,5 соат пиширишга қўйилади.

Безе тайёрлаш ретсепти - керакли масаллиқлар, тавсиялар, сирлари
Пишиш давомида духовка эшигини очмаслик керак. Акс ҳолда ҳароратнинг кескин пасайиши туфайли десертда ёриқлар пайдо бўлиши мумкин.

ТАВСИЯЛАР
Безе учун ишлатиладиган тухум янги бўлмаслиги тавсия этилади. Бир ҳафталик тухумлар айни муддао: улар яхшироқ кўпиради.

Тухум оқини сариғидан жуда эҳтиёткорлик билан ажратиш керак. Асосга ҳатто бироз миқдорда тухум сариғи тушса ҳам унинг кўпириши қийин бўлади.
Кўпиртириш учун идиш ва мискернинг насадкалари қуруқ бўлиши керак. Оз миқдордаги сув ёки ёғ кўпик ҳажмига салбий таъсир кўрсатади.

Ушбу пишириқ учун айнан шакар упаси керак, шакарнинг ўзи эмас. Агар шакар упаси бўлмаса, оддий шакарни туйиб олиш ҳам мумкин.
Аралашма ҳажмини йўқотмаслик учун кўпиртиришнинг сўнгги босқичида 1 та тухум оқи учун ярим чой қошиқ миқдорда лимон шарбати қўшиш мумкин. Бироқ миксер қуввати шундоқ ҳам кўпиритишга етадиган бўлса, қўшиш шарт эмас.

Пишириқ таъмига таъм қўшиш учун унга оз миқдорда ванилин, долчин, озиқ-овқат қўшимчалари (ароматизаторлар ва бўёқлар), майдаланган ёнғоқ ёки бодом, какао, кокос қириндиси қўшиш мумкин. Уларнинг ҳаммаси безе асосига бевосита противенга қуйишдан олдин қўшилиши керак.

Изоҳлар

0
Фикрингизни қолдиринг
Изоҳлар текширувдан сўнг чиқади.

Ҳозирча изоҳ йўқ — биринчи бўлиб фикр билдиринг!

Шу мавзуда

Бўлимга ўтиш →