📖 Ҳикоялар

Холис ният...

1 дақиқа 1.9К марта ўқилди
Холис ният...
"Мен Макка шаҳрида фақирона ҳаёт кечирар эдим. Бир куни кўчада ҳамён топиб олдим. Уйга келиб очиб қарсасам, ичидан бир шода марварид чиқид. Бунақасини умримда кўрган эмасман. Қайтиб кўчага чиқдим. Бир одам: "Мен ҳамёнимни йўқотиб қўйдим, ким топиб олиб қайтариб берса, беш юз динор бераман”, деб юрган экан. Шунда мен, қорним оч, ҳожатмандман, ҳамёнини бериб, эвазига пулни оламан-у ундан фойдаланаман, деб ўйладим. Ўша одамни чақирдим. У уйимга киргач, ҳамённинг ва ундаги марвариднинг белгиларини сўрадим, аниқ айтиб берди, сўнг унга ҳамёнини топширдим. У беш юз динор пулни узатди. Аммо мен олмадим, олишни эп кўрмадим. Орадан анча вақт ўтиб, денгиз сафарига чиқдим. Ногаҳон кемамиз ҳалокатга учраб, ҳамма сувга ғарқ бўлди. Аллоҳ таолонинг иродаси ила ёлғиз менгина бир парча тахтага ёпишиб, жон сақлаб қолдим. Кейин бир оролга чиқиб олдим ва ўша ердаги масжидда паноҳ топдим. Менинг чиройли Қуръон ўқишимни эшитиб, одамлар олдимга кела бошлашди. "Ёзувни ҳам биласанми?” деб сўрашди. "Ҳа”, дедим. Улар бола- чақалари билан келиб, ўқиш ва ёзишни ўргана бошлашди. Моддий ёрдамлари туфайли мен ҳам ўзимни тиклаб олдим. Кунлардан бир кун улар мени уйлантириб қўймоқчи бўлишди. Бир етим қизлари бор экан, аввалига рози бўлмадим, лекин улар қистайвергач, розилик билдирдим. Тўй куни… қизнинг бўйнидаги марваридга кўзим тушиб, ҳайратда қотиб қолдим. у ўша мен топиб олган марварид эди. Одамлар менинг ҳолимга ҳайрон эди. Уларга бошимдан ўтган ўша воқеани айтиб бердим. "Аллоҳу акбар!” деб такбир айтиб юборишди одамлар. Сўнг бу қизнинг отаси ўша ҳамёнини йўқотган киши эканини, у умрининг охиригача: "Дунёда ҳамёнини қайтариб берган йигитга ўхшаган софдил кишини бошқа кўрмадим, эй Аллоҳ, мени яна ўша йигитга рўбарў қил, қизимни унга никоҳлаб берай”, деб дуо қилганини айтиб беришди…”

Изоҳлар

0
Фикрингизни қолдиринг
Изоҳлар текширувдан сўнг чиқади.

Ҳозирча изоҳ йўқ — биринчи бўлиб фикр билдиринг!

Шу мавзуда

Бўлимга ўтиш →