📖 Ҳикоялар

Асл бахт нималигини биласизми?

1 дақиқа 2.1К марта ўқилди
Асл бахт нималигини биласизми?
Салом ҳурматли сайтдошлар. Сизларга ўз ҳаёт йўлимдан озгина ҳикоя қилмоқчиман. Ҳали маслаҳат бериш ёшида бўлмасам-да, ўзимдан 8-10 ёш кичик ёшлар хулоса чиқариб олсалар бўлади.
Оилада уч ўғилдан кейин туғилганман. Акаларим мени жуда яхши кўришар, доим ҳимоя қилиб юришарди. Мактабни тугатиб тиббиёт коллежига ўқишга кирдим. 2-курслигимдаёқ икки акам бўлишига қарамай, уйимизга совчилар кела бошлади. Ота-онам "Қизим ўқисин, ишласин" деб совчиларни қайтаришарди. Ўзимни ҳам ҳали турмушга чиқиш ниятим йўқ эди.
Ўқишни тугатиб ишга жойлашдим. Бу орада акаларим уйланишди. Қўшни қишлоқдан бир йигит мен ишлайдиган шифохонага даволаниб чиқди ва мени кўриб севиб қолибди. 2-3 ой ортимдан юриб кўнглимни топди. Уйимизга ота-онасини юборди. Онамга кўнглим борлигини айтдим. Акаларим эшитиб "бермаймиз, акаси қамалган, отаси алкаш, ўзини ҳам ишини тайини йўқ" дейишди. Йиғлаб-ёлворишларим фойда бермади. Йигит билан учрашиб, вазиятни тушунтирдим. У менга "юр сани узоқ-узоқларга олиб кетаман" деди. Ҳар қанча севсамда мен бу ишни қилолмасдим. Ота-онам ва акаларим шаънини ўйладим.
Мени дадамни ўртоқларига унаштириб қўйишди. Куёв жуда оқ-кўнгил, ақлли эди. Тўйимиз ўтди. Тўй ташвишлари ва келинлик хизматлари бироз чалғитди. Биринчи фарзандим жарроҳлик йўли билан дунёга келди. Жарроҳликдан сўнг кўзимни очсам, турмуш ўртоғим бошимда йиғлаб мендан хавотирланиб ўтирибди. Шунда эримга меҳрим ортиб, ҳақиқий муҳаббат тўйдан кейин туғулишига амин бўлдим. Ҳозирда икки фарзанднинг бахтли онасиман. Ота-онам, қайнона-қайнотам ҳам мени ўз фарзандларидек кўришади.
Азиз сингилжонлар, тўрт кунлик ўткинчи ҳавасни деб, ота-онангиз обрўсини тўкманг! Асл бахт ота-она розилиги!

Изоҳлар

0
Фикрингизни қолдиринг
Изоҳлар текширувдан сўнг чиқади.

Ҳозирча изоҳ йўқ — биринчи бўлиб фикр билдиринг!

Шу мавзуда

Бўлимга ўтиш →