🍛 Таомлар

Шашлик тайёрлаш - гўштни танлаш, маринадлаш, тайёргарлик кўриш, тавсиялар

7 дақиқа 9.1К марта ўқилди
Шашлик тайёрлаш - гўштни танлаш, маринадлаш, тайёргарлик кўриш, тавсиялар
Иссиқ кунлар келиши билан дўстлар ва оила даврасида дам олиш учун бизда шашлик тайёрлашга ҳозирлик кўрилади. Кимдир уйида, кимдир эса табиатда шашлик тайёрлайди. Ташқи тарафдан шашлик пишириш осон кўринади. Лекин ҳаммасини янада яхшироқ қилиш мумкин

Биринчидан, шашлик тайёрлаш учун энг муҳим нарса – тўғри гўштни сотиб олиш ва ҳеч кимни унга яқинлаштирмаслик. Иккинчидан, маринад ва умумий тайёргарлик иложи борича оддий, қисқа ва табиий бўлиши керак. Учинчидан, гўштни сихга ўрнатгандан кейин тузлаш керак. Тўртинчидан, сихга гўшт ва ёғдан ташқари бошқа нарса қўймаслик керак – помидор, пиёз, тузланган бодринг шулар қаторидан, буларни барчасини фотосуратчилар ўйлаб топган, ҳаётда эса бундай аҳмоқоналиклар фақат халақит беради. Бешинчидан, яхши шашлик пишириш барчанинг қўлидан келади.

ШАШЛИК УЧУН ТЎҒРИ ГЎШТ ТАНЛАШ
Гўштнинг тўғрилиги унинг тури билан белгиланмайди: шашлик, мол, қой, ҳатто кўпчилик қуруқлиги учун хуш кўрмайдиган товуқ гўштидан пиширилиши мумкин. Умуман олганда, керакли хусусиятлардан энг муҳими – ёғ, аммо ҳар қанақа ёғ, бир парча чарви эмас, балки тўр ва эҳтиёткор киритма шаклидаги ёғлар .

Бунинг учун мармар каби кўринадиган, ёғли тўрга эга бўлган мол гўшти айниқса мос келади: гўштнинг бу хоссаси ҳам мармарлик дейилади.

Яна бир, баъзан ҳатто ёғ таркибидан устунлик қилувчи хусусият – гўштнинг юмшоқлиги, “чарчамаганлиги”. Ҳайвоннинг ҳаёти мобайнида у ёки бу мушак қанчалик кўп ишлаган бўлса, у гўшт шашлик учун шунчалик камроқ мос келади. Ва аксинча. Шундай қилиб, мол танасида мавжуд бўлган шашлик тайёрлаш учун энг яхши гўшт қисмлари – бу биқин (вирезка), қалин чети ва ингичка чети (рус. толстый край и тонкий край); сон ёки оёқ гўшти қанчалик чиройли кўринмасин, шашлик учун мос келмайди.

Қўй гўштига келганда, унинг юмшоқлиги бевосита ҳайвоннинг ёшига боғлиқ. Қисқача айтганда, қўзичоқ (6 ойгача) ёки ёш қўй (6 ойдан 9 ойгача) гўшти айни муддао. Вазиятнинг қизиқлиги шундаки, қўйнинг ёши ҳақида ёлғон гапиришнинг иложи йўқ: агар қўй жуда қари бўлган бўлса, унинг гўшти шундай ҳидга эга бўладики, ҳеч қандай экспертиза керак бўлмайди.

Товуқ гўшти билан ҳамма нарса бир вақтнинг ўзида содда ва мураккаб. Уни олдиндан маринадламасдан классик шашлик шаклида пишириб бўлмайди (яъни, кичик бўлакларга бўлиб, сихга тортиб).

Яъни товуқ тўши ва оёқларини борича панжарага қўйиб тайёрлаш ёки уларга олдиндан ишлов бериш керак. Юқорида айтиб ўтилганидек, тайёргарлик мустақил равишда амалга оширилиши керак, бошқаларни бунга яқинлаштиришга рухсат берилмайди.

ТАЙЁРГАРЛИК
Ҳаёлан ўп нарса ҳақида орзу қилиш мумкин, лекин амалда мавжуд нарса билан иш олиб боришга тўғри келади. Сотиб олинган гўшт ҳар доим ҳам керакли турдагиси бўлмайди, лекин бу сизни тўхтатмаслиги керак. Бир парча гўштни кесиб олиб, уни ёғлилик даражаси учун баҳоланг; ташвишланманг, бу махсус таълим ёки туғма қобилиятни талаб қилмайди, шунчаки соғлом фикрлаш бўлса бас. Агар гўшт ўта ёғсиз бўлса, буни иккита усулда тузатиш мумкин, яхшиси эса ҳар иккаласини ҳам қўллаш керак.

Шашлик тайёрлаш - гўштни танлаш, маринадлаш, тайёргарлик кўриш, тавсиялар
Самарқанддаги шашликхона. 1909-йил
Биринчиси учун чарви бўлаги керак бўалди, ундан томонлари тахминан 5 см бўлган квадрат кесиб олинг. Ушбу бўлакни қалинлиги тахминан 5 миллиметр бўлган квадратчаларга кесинг. Гўшт бўлакларини сихга ўрнатиш вақтида ҳар бир бўлак орасига чарвидан киритинг ва чарви иложи борича гўштга зичроқ бириксин.

Иккинчи усул – маринадлаш. Ингичка ҳалқа қилиб кўпроқ пиёз тўғранг, бир шиша (ёки пакет) арзон, қуруқ ёки ярим қуруқ оқ вино сотиб олинг; фақат мускатлиси тўғри келмайди, у барчасини таъмини бузиб юборади. Маринадлаш учун каттароқ идиш олинг, бунинг учун сирли идишдан яхшироғи йўқ. Алюмин идишлар ишлатиш тавсия этилмайди. Агар қўл остида керакли идиш бўлмаса, бундай мақсадларда бутун полиэтилен пакетдан фойдаланиш мумкин.

Идиш тубига бир неча дона тўғралган гўштни қўйинг, устидан маълум миқдорда пиёз қўйиб, енгил қилиб оқ вино сепинг. Бунинг учун беш бармоқи вино солинган идишга ботириб олинг, сўнг гўштга сепинг – ҳудди илгари кийимларни дазмол қилишда сув сепилгани каби. Яна бироз гўшт, бироз пиёз солиб, яна вино сепинг ва шу тарзда гўшт тугагунича ёки идиш тўлгунича.

Агар гўштга жой қолмаса, уни мажбурлаб босиб жойлаштириш керак эмас – шашлик нисбатан эркин ҳолатда маринадланиши лозим. Идишни совутгичнинг энг пастки қаторига қўйинг ва керак бўлмагунича қолдиринг.

Пишириш вақти келганида, гўштни бироз тузлаш керак, янада яхшироғи бирдан сихнинг ўзида тузланса. Агар туз маринад таркибига солинса, гипертоник эритма гўштдан бор сувини “шимиб” олади. Айтганча, пиёзни сихга ўрнатмаслик керак, акс ҳолда қорин оғриб қолиши мумкин.

ШАШЛИК ТАЙЁРЛАШ УСУЛЛАРИ
Умуман олганда, бу усул – гўшт орасига ёғ қўйиш ва маринадлаш – ҳар қандай гўшт учун жуда мос келади. Лекин мол гўштини маринадлаш учун киви ишлатиш анча қизиқроқ. Киви мевалари таркибида ҳайвон оқсилини парчалайдиган фермент мавжуд. Унинг интенсивлиги шунчалик баландки, агар бир килограмм майдаланган гўшт ва битта эзилган киви аралаштирилиб, 8 соатча қолдирилса, гўшт ёмғир остида ивиб қолган дафтарга ўхшаб қолади.

Шунинг учун, кивини эзиш эмас, балки кичик бўлакларга кесиш, гўштни маринадланишга эса 40 дақиқадан кўпроқ қолдирмаслик тавсия этилади. Албатта, пиширишдан олдин киви бўлакчаларини ажратиб ташлаш керак. Киви билан бир қаторда, бу маринадга бироз зайтун мойи ва бир неча чимдим қуритилган тоғрайҳон (орегано) қўшиш мумкин. Ажойиб ва, энг муҳими, маринад учун арзон восита – шакар қўшилган соя соуси.

Фақат байрамнинг барча иштирокчилари хитой ошхонаси учун одатий бўлган ширинроқ таъмга ижобий муносабатда эканликларини сўрашни унутманг, чунки ўзбек халқининг аксарияти учун бундай таъм ғайриоддий ҳисобланади.

Соя соусини олинг, яхшиси корейс ёки японча, идишга солиб, қайнашигача қиздиринг. Сўнг шакар қўшинг. Нисбати – бир стакан соусга 1-2 ош қошиқ шакар. Соусни учдан бир қисми буғланиб кетгунича қайнатинг.

Сояли маринадда товуқ гўштини маринадлаш яхшироқдир. Чунки қиздирилганда шакар карамел қавати ҳосил қилиб, гўштдаги намлик буғланиб кетишига йўл қўймайди, натижада товуқ гўштидан тайёрланган шашлик сувли бўлади. Шунингдек гўштга ярим стакан кока-кола қуйиш ҳам мумкин, бу ҳам гўштда жуда иштаҳа очувчи глазур ҳосил бўлишига олиб келади.

ШАШЛИК УЧУН ГЎШТНИ МАРИНАДЛАШ
Анъанавий маринад сирка кислотаси, ҳалқа қилиб кесилган пиёз, мурч ва туздан иборат. Одатда, харид қиладиган кўпчилик шашликлар учун айнан шунақа маринадлаш тури қўлланилади. Бу аралашманинг камчилиги шундаки, сирка заргар аниқлиги билан ўлчаниши, маринадлаш вақти эса меъёридан ортиб кетмаслиги керак, акс ҳолда гўшт ёқимсиз таъмга эга бўлиб қолади. Бироқ, шашликнинг чин мухлислари сиркани рад этадилар ва уни ҳеч қачон маринадларга қўшмайди.

Лимонли маринад кўпчиликка хуш келади. Бунда гўштга сирка ўрнига бир-иккита лимон шарбати қўшилади. Бошқа масаллиқлар анъанавий – пиёз, ўсимлик мойи (энг яхшиси зайтун), мурч, лавр япроқлари. Нисбатлари бўйича, икки килограмм гўштга 2-3 та пиёз, 4 ош қошиқ мой ва таъбга кўра зираворлар етарли бўлади.

Қаҳвали маринад гўштга умуман ҳеч қанақа кислота қўшмасликни назарда тутади. Худди шу икки килограмм гўштга пиёз, мой ва зираворлар билан 1 литр иссиқ, лекин қайноқ бўлмаган қаҳва қўшилади. Аввал хона ҳароратигача совутилади, сўнг совутгичга маринадлаш учун 6 соатга қолдирилади. Сизнинг меҳмонларингиз шашликка бундай юмшоқлик ва хушбўйликни нима берганини ҳеч қачон топа олишмайди.

Минерал сувли маринад янада соддароқ. Бунинг учун бир ярим литр газланган сув, кўкатлар, зираворлар, бироз туз ва 3 бош пиёз олинади. Ушбу усулда маринадланганда ҳатто энг қари мол гўшти ҳам 4 соат ичида юмшоқ филега айланади.

Анорли маринад шарқда айниқса севилади. Бунинг учун бир килограмм гўштга икки стакан анор шарбати, кўкатлар (кинза, ялпиз, райҳон), қалампир ва битта каттароқ пиёз керак бўлади. Гўшт бундай маринадда камида 10 соат сақланиши керак, албатта совутгичда. Қўй гўшти учун бу айни муддао.

Баъзан шашликни хуш кўрувчилар маринад учун жуда турли масаллиқларни ишлатишади – асал, квас, помидор шарбати, олма сиркаси, саримсоқ, маёнез, хантал, кетчуп. Ҳар ким ўз таъбига мос келадиган масаллиқлардан тажрибалар қилиб кўриши мумкин.

ШАШЛИК ҚАНДАЙ ПИШИРИЛАДИ?
Ушбу масала бўйича турли хил фикрлар мавжуд. Аъанавий шашлик пишириш учун кераксиз ҳаракатлар ва олов ёқиш учун суюқлик ишлатишдан ёмон нарса йўқ. Сих мангалга қўйилдими, бас – бир четга ўтиб, у-бу нарса ичиш ёки дўстлар билан суҳбатлашиш мумкин. Ҳар дақиқа сихни айлантираверишни нима кераги бор? Гўшт остида қобиқча ҳосил бўлганини текширишничи? Сиз табиат қонунлари тузилишидан шубҳаланмоқдамисиз?

Албатта қобиқ пайдо бўлади! Сих 500 °Ц ҳароратда бўлган чўғ устида туради. 6 ёки 7 дақиқадан кейин сихни айлантиринг – ана ўша қобиқ, кўряпсизми? Энди яна беш дақиқага қолдириш керак, шундан сўнг шашлик тайёр бўлади. Олов ёқиш учун суюқлик ҳақида ҳамма нарса тушунтиришсиз ҳам аниқ, лекин шунга қарамай, бошқа нарса билан бу даражада заҳарланиш жуда қийин.

Ҳа, яна битта қоида: шашликни бир киши пишириши керак. Ва бу мажбурийдир. Бошқа нарсаларда қолганлар ҳам ёрдам бериши мумкин, ҳатто гўштни тузлаши ҳам, лекин вақт ва оловни бир киши назорат қилади – тинч ва соати бўлган киши.

Изоҳлар

0
Фикрингизни қолдиринг
Изоҳлар текширувдан сўнг чиқади.

Ҳозирча изоҳ йўқ — биринчи бўлиб фикр билдиринг!

Шу мавзуда

Бўлимга ўтиш →