📖 Ҳикоялар

Йўлдаги ҳангома

6 дақиқа 2.2К марта ўқилди
Йўлдаги ҳангома
Мамарайим бобо «Қувноқ қишлоқ – Тошкент» йўналишида қатновчи автобусда пойтахтга кириб келди.

– Вой-вў-ў-ў, бунча баланд бўлмаса бу иморатлар. Шаҳар анча ўзгариб кетибди-ку! Ўзиям бу ёқларга келмаганимга минг йил бўлди-ёв.

Бобой деразадан шаҳарни кузатар экан, тобора ҳайрати ошиб борарди. Автобус аста т ўхтади.

– Етиб келдик!

Ширин хаёллар оғушида шаҳарни томоша қилаётган Мамарайим бобо ҳайдовчининг ҳайқириғидан ўзига келди.

– Мана, ўғлимнинг уйига ҳам келдим ҳисоб. Энди, бу манзилни топишим керак.

Бир парча қоғозни ғижимлаган бобо шаҳар ичида қатновчи транспортлар тўхтайдиган бекат томон юриб кела бошлади. Йўналишли таксилар тўхтайдиган ерда бир йигит қўлини кўксига қўйганича бобони қаршилади:

– Ия-ия, келинг отахон. Йўлингиз Сергели томонга эмасми? Ичкарида жой бор, чиқинг, – деди у эшиги очиқ турган маршруткага имо қилиб.

– Шу десанг, болам, шаҳарга келмаганимга анча замонлар бўлиб кетди. Ўғлимникига келаётгандим. Манави манзилга боришим керак.

Йигит қоғоздаги ёзувга қараб юзини буриштирди.

– Ҳм-м-м, менимча, отахон, бу ерга метро билан борса қулай.

– Метро дегин. Бу аломат нарсага янги очилган пайти чиқиб кўрган эдим. Унга қанақа қилиб борсам бўлади?

– Мана биз олиб бориб ташлаймиз-да, отахон! Салонга чиқинг. Бир- иккита одам олайлик, жўнаймиз.

Орадан ярим соат ўтди. Мамарайим бобо чиққан пайти анча холи бўлган маршрут одамга тўлиб кетди.

– Ҳой ўғлим, юрмайсанми, одам тўлиб кетди-ку?! – деди отахон деразадан бошини чиқариб.

– Ҳозир, бобой, яна битта одам олволай.

Ниҳоят маршрутка тошбақа юриш қилиб, чайқала-чайқала ўрнидан қўзғалди. Эндигина икки бекат юришган ҳам эдики, машина йўл четида тўхтаб, ҳайдовчи Мамарайим бобога бақирди:

– Отахон, шўтта тушасиз. Ҳўв ана метро.

– Ўша бекатдан туриб тош улоқтирсам ҳам сен юрган йўлдан кўпроқ масофа ўтардим! Қанақа одамсан ўзи? Бекатда сенинг араванг юришини кутиб ўтирмай йўлга чиққанида, чумоли ҳам сендан тез этиб келган бўларди.

– Жа-а-а ошириб юбордингиз-ку, отахон… Бўлди, тушинг!

– Ҳа, бўлди, бўлар иш бўлди, майли. Омин, топган-тутганингга худо барака берсин. Оллоҳу акбар…

– Дуо яхши нарса отахон. Лекин, йўл кирани тўлаб қўйинг.

– Шу икки қарич жойгаям пул олмоқчимисан?!

– Ҳа энди… План деган нарсалар бор-да, отам!..

Ҳақини тўламаса эшикни очадиган сиёғи йўқлигини кўрган отахон ноилож чўнтак ковлади.

– Мана, ол.

– Ия, бобой, бу кам-ку! Ана пешонангиз тагига «300 сўм» деб ёзиб қўйилган. Қоида ҳаммага бир хил.

– Жуда без йигит экансан. Ушла, бугун ўзи ёмон туш кўрганим учун гадойга хайр қилмоқчи эдим…

Маршрутканинг эшигини қарсиллатиб ёпган бобо метрога йўл олди. Унинг кўзи катта ҳарф билан ёзилган «М» белгисига тушди. «Бу дейман, «М» дегани «Мамарайим учун» деган маънони берса керак, – ўзича кўнглини кўтарди бобо. – Ё бўлмаса, бошқачароқ нарсани билдирадиган белги бўлиши ҳам мумкин. Бу ҳарфни яна қаэрдадир кўргандекман…» Метрога кириш жойига етиб келгач, отахоннинг олдига яшил форма кийган, кулиб турадиган ёш қиз келди:

– Ёрдам керак эмасми?

– Роса пайтида учрадинг, қизим. Манави манзилга боришим керак эди.

Қиз қоғозни олиб кўз югуртирди.

– Эшитмаган эканман, узр, отахон.

– Энди нима қилсам бўлади?

– Метро ичига тушиб, йўловчилардан сўрасангиз айтиб беришади. Шаҳарнинг деярли ҳамма манзилига метрода борса бўлади.

– Раҳмат, қизим.

Мамарайим бобо аста-секин метронинг ичкарисига йўналди.

Поэзддан тушган одамларнинг ҳаммаси қаёққадир шошилар, биров билан бировнинг иши йўқ эди. Мамарайим бобо бир оз тараддудланиб турди-да, тез-тез юриб кетаётган бир болани тўхтатди.

– Ўғлим, менга бир нарсани айтиб беролмайсизми?!

Йигит отахонга бир қаради-да:

– Я узбекский не понимаю, – деб йўлида давом этди.

«Не понимаю» эмиш, ўзимизни Салим сариқнинг шаҳарда ўқийдиган катта ўғлига ўхшайди-ку! Яна ўзини довдирликка солади,– ўйлади Мамарайим бобо.– Бу ерда ҳамма уйига ўт кетгандек ҳовлиқиб юрибди. Улардан сўраган билан фойда чиқмайди. Яхшиси, манави ғирра-ғирра келиб-кетиб турган поэздлардан бирига чиқай-чи, зора ичидаги одамлардан бирови бу қуриб кетгур манзилни билса…»

Бобо ўйини охирига этказмасдан «Ғув» этиб бир поэзд келиб тўхтади. Отахон ичкарига кириши билан эшик зарб билан ёпилди. «Бу шаҳарнинг одамлари жуда ҳовлиқма экан, десам, поэздиям шошқалоқ чиқиб қолди-ку», деган ўй кечди Мамарайим бобонинг хаёлидан. Поэзд ичида ҳам қўлидаги қоғозни бир нечта одамга кўрсатди. Лекин бу ерда ҳам тайинли жавоб ололмади. Тез кетаётган поэзднинг ғувиллашида айримлар бобонинг гапига тушунмаса, айримлар эса елка қисиб қўйишар эди. Шу аснода поэзд охирги бекатга бориб тўхтади. Отахон ҳафсаласи пир бўлиб метродан ташқарига – кўчага чиқди. Метронинг тонели оғзидан чиқаверишдаги бекатда бобонинг таъбири билан айтганда, «шохли автобус» – троллейбус тўхтаб турар эди. Мамарайим бобо унга чиқиб, ҳайдовчининг ёнига борди.

– Болам, ўзинг ёрдам бермасанг бўлмайди. Эрталабдан буён сарсонман. Манави манзилга боришим керак. Ўғлимнинг уйига…

Ҳайдовчи кўпдан сарсон бўлгани авзойидан билинаётган отахонга бир оз ачиниш билан қараб, қоғозга кўз югуртирди.

– Э-ҳа, бу ерни биламан бобо.

– Ростданми? Қандай қилиб бораман, тезроқ гапир-чи, ўғлим.

– Лекин бир оз узоқроқ. Ҳозир мен сизни трамвай йўлига ташлаб қўяман. Унга чиқиб, тўрт бекат юрасиз, кейин тушасиз. Ўша ердан автобусга чиқсангиз, охирига бориб, ана шу манзил ёзилган жойга яқин бекатда тўхтайди. Ўша ерда тушиб йўловчилардан сўрасангиз, айтиб беришади. Мана бу сиз чиқадиган трамвай билан автобуснинг рақами.

Ҳайдовчи бир парча қоғоз ёзиб узатди.

– Ҳа, айтгандек, отахон бу ўғлингизнинг уйида телефони йўқми дейман?

– Бор эди. Ҳамма айб кампиримда: телефон нўмирини ёзиб бер десам, «хўп» деди-ю, эсидан чиқди. Мен ҳам хаёл билан бўлиб чиқиб келаверибман. Ҳаммаси кампирни деб…

бобой

– Асабийлашманг, отахон, шаҳарни томоша қилиб юрибсиз-да!

– Э, томошасига ҳам ўт тушсин.

Мамарайим бобо бу транспортга ҳам йўл ҳақини тўлагач, ҳайдовчи айтган жойда тушиб қолди. Трамвай деганлари ҳам тез кела қолмади. Изи бору, ўзи йўқ. Бобонинг хуноби ошиб, «дарбадар» юришига сабабчи бўлган кампирини эндигина сўкмоқчи бўлиб турган пайтда ниҳоят қўнғироғини жиринглатиб трамвай кўринди.

Отахон тўрт бекат юргач, энди автобус кута бошлади. «Яна шу аҳволда бирор соат юрсам, қоронғу тушади. Ўғлимнинг уйини тополмай, «Қувноқ қишлоқ»қа қайтиб кетмасам бўлгани, ишқилиб». Троллейбус ҳайдовчисининг гапини эслаб, яна жаҳли чиқди. «Шаҳар айланиб юрибсиз-да!» эмиш, нос чексам айланмайдиган бошим шу ерга келиб айланди, ўзи…»

Автобус ҳам отахоннинг жаҳли чиққанлигини сездими ёки бошқа сабабми, ҳар ҳолда тезда келақолди…

Мамарайим бобо айтилган жойда автобусдан тушганда не кўз билан кўрсинки, шаҳарга кириб келган пайтида автобус тўхтаган автошоҳбекат!

«Вой, падарлаънат, яна адашдимми-а!? Айланиб-айланиб яна шу ерга келибман-ку!» Бобо ўғлининг уйини топишдан умидини деярли узди. Шундай бўлса-да ёнида тўхтаб турган такси ичидаги шофёрга қоғозни узатиб, сўради: Мана шу манзилнинг қаёқда эканлигини биласанми, барака топгур?!

– Буними?.. Ҳа биламан, албатта биламан. Ўтиринг, олиб бориб қўяман.

– Йўғ-э, адашмаяпсанми?

– Нега энди, «Абдулбосидов кўчаси, 84-уй». Ҳозир ўтирсангиз, ўша ерга олиб бориб қўяман.

Мамарайим бобо суюниб таксига ўтирди. Шаҳд билан қўзғалган машина орадан икки дақиқа ўтмасдан бир кўчанинг ичида тўхтади.

– Мана отахон, Ҳасан Абдулбосидов кўчаси, мана бу 84-уй.

– Барака топ ўғлим, яша! Қанча бўлади?

– Минг сўм бераверинг.

– Ҳеч қанча юрмадинг… – отахон шундай деб энди гап бошламоқчи бўлди-ю, маршруткачи билан бўлган эрталабки воқеани эслаб индамади. Айтганини шофёрга узатган Мамарайим бобо пулига ачинса ҳам, «раҳмат» деб тушиб қолди. «Эҳ, аҳмоқ чол, ўғлим айтган эди-я: «Қишлоқдан келгач, таксичиларга манзилни кўрсатсангиз бир зумда обориб қўяди», деб. Мен бўлсам… Йўловчи транспортда арзонроқ этиб оламан» деб ўйлабман. Аттанг…»

Мамарайим бобо афсус билан бош чайқаб, эшик қўнғироғини босди.

– Ия, дадажон, ўзингизмисиз? Мен кеч бўлиб қолганига бугун келмасангиз керак, деб ўйлабман.

– Йўлда бир оз ушланиб қолдим-да, ўғлим.

Ўғил отасини ичкарига бошлади.

– Уйимиз шоҳбекатнинг ёнидаги кўчада. Ҳар қандай машина кўз очиб юмгунингизча олиб келиб қўяди. Нега йўлда ушланиб қолдингиз, ҳайронман, – деди бобонинг ўғли бир пиёла чой устида. – Роса чарчагандирсиз-а, дадажон?! Ҳа майли, бугун ётиб дамингизни олсангиз, эртага шаҳарни айлантиргани олиб чиқиб, чарчоғингизни ёзиб юбораман!

– Нима???
------------------------------------------------
ИДРОК, 2004.

Изоҳлар

0
Фикрингизни қолдиринг
Изоҳлар текширувдан сўнг чиқади.

Ҳозирча изоҳ йўқ — биринчи бўлиб фикр билдиринг!

Шу мавзуда

Бўлимга ўтиш →
СИНОВ
Ҳикоялар

СИНОВ

17-август, 20191.8К