🍛 Таомлар

Котлет тайёрлаш ретсепти - усуллари, сирлари, мазали гўштли қийма нисбати

2 дақиқа 6.3К марта ўқилди
Котлет тайёрлаш ретсепти - усуллари, сирлари, мазали гўштли қийма нисбати
Котлет тайёрлаш усуллари жуда кўп. Бироқ, улар сувли ва мазали чиқиши учун албатта синалган йўлдан борган маъқул. Қуйида уйда пишириш осон бўлган котлеталар ретсепти сизга ҳавола этилади.

КОТЛЕТА ТАЙЁРЛАШ УЧУН КЕРАКЛИ МАСАЛЛИҚЛАР
Тайёрлаш вақти: 1 соат | Портсиялар сони: 5
1 кг гўшт – турли нисбатда қўй ва мол гўштини аралаштириш мумкин;
2 бош пиёз;
1 та тухум;
Кеча пиширилган 2та буханка нон (фақат мағзи керак бўлади);
1 чой қошиқ туз;
1/3 қисм майдаланган мурч;
Қовуриш учун ўсимлик ёғи (5-6 ош қошиқ);
Белаб олиш учун ун.
ПИШИРИШ КЕТМА-КЕТЛИГИ

  1. Нон мағзини ушатиб, идишга солиш, устидан ярим стакан сув қўшиб, 5 дақиқага ивиш учун қолдириш керак. Нон сувни яхши шимиб олиши керак.
  2. Пиёз яхшилаб майдалаб олинади.
  3. Гўшт гўштқиймалагичнинг йирик панжараси орқали чиқариб олинади.
  4. Қиймага нон мағзи (суви билан бирга), битта тухум, майдаланган пиёз қўшилади. Туз (1 кг гўшт учун 1 чой қошиқ) ва мурч солинади.
  5. Барча масаллиқлар яхшилаб аралаштирилади, сўнг қиймани “пишиқ” қилиб олиш керак бўлади. Бунинг учун сувда намлаб олинга қўл билан қиймадан котлет катталигидаги бўлак ажратиб олиниб, 20 см узоқликдан идишга қайтариб зарб (меъёрда) билан отилади. Шу тариқа 10 дақиқа давом этилади. Бу усулда тайёрланган котлеталар қовуриш давомида уваланиб кетмайди ва сувли бўлиб пишади.
  6. Қийма 10-15 дақиқага дам олишга қолдирилади. Бу вақт давомида гўшт бўлакчалари пиёз шарбати, мурч ва тузни ўзига шимиб олади.
  7. Нам қўллар билан қиймадан котлет шакллантирилади. У ҳаддан ортиқ қалин бўлмаслиги керак, акс ҳолда ичи пишиб улгурмай, усти куя бошлайди. 1,5 см қалинлик энг яхши танлов бўлади. Тайёр бўлган қийма бўлакчалари унга белаб олинади.
  8. Котлеталар яхши қизиган товада қовурилади. Чунки бу вақтда юқори ҳарорат туфайли қийма юзасида қобиқ ҳосил бўлади ва у ички суюқликни сақлаб қолади. Агар това яхши қиздирилмаса, котлетлар товага ёпишиб қолиши ва у шу туфайли уваланиб кетиши мумкин.
  9. Тованинг қопқоғини ёпмаган ҳолда котлетанинг ҳар бир томони 3 дақиқадан қовуриб олинади. Сўнг, олов бироз пасайтирилади ва ҳар бир томони яна 3 дақиқадан қовурилади. Шундан сўнг, якуний тайёр бўлгунча ўрта оловда тованинг қопқоғини ёпган ҳолда пиширишда давом этилади.
  10. Дастурхонга қовурилган картошка ва тузламалар билан тортиқ қилинади. Гўштли таомлар учун мўлжалланган соуслар ҳам мос келади. Ёқимли иштаҳа!
КОТЛЕТА ПИШИРИШНИНГ БАъЗИ СИРЛАРИ
Котлетада асосий рол нон мағзига тўғри келади. Агар нон кам солинса, гўшт қаттиқ ва бемаза бўлиб чиқади. Шунингдек, нон янги бўлмаслиги ҳам эътиборга олиниши керак. Идеал вариантда у тезда ушаладиган бўлиши талаб этилади. Янги нон эса чўзилувчан бўлади.

Таом сувли бўлиб чиқиши учун гўштни ўзингиз қиймалагичдан чиқарганингиз маъқул. Бунда гўштнинг бир қисми ёғли бўлиши муҳим. Агар лаҳм бўлса, бир бўлак чарви қўшиб юбориш ҳам мумкин. Ёғ пишириш давомида эриб, гўштга юмшоқлик беради.

Пиёзни қиймага айнан майда қилиб тўғраб солиш керак, кўпчилик бунда уни гўшт билан бирга қиймалагичдан чиқариб юборади. Бу ҳолда у ўз аромати ва сувлилигини йўқотади.

Қийма қовуриш давомида бўлакланиб кетмаслиги учун уни яхшилаб уриб олиш муҳим босқич саналади. Уни чеклаб ўтиш тавися этилмайди.

Изоҳлар

0
Фикрингизни қолдиринг
Изоҳлар текширувдан сўнг чиқади.

Ҳозирча изоҳ йўқ — биринчи бўлиб фикр билдиринг!

Шу мавзуда

Бўлимга ўтиш →