🍰 Ширинликлар

Булочка тайёрлаш - ретсепти, усуллари, хамиртурушли булочка учун масаллиқлар

2 дақиқа 7.6К марта ўқилди
Булочка тайёрлаш - ретсепти, усуллари, хамиртурушли булочка учун масаллиқлар
Булочка – одатда юмалоқ ёки овал шаклда бўлган кичик нончалар. Бу каби пишириқ жуда машҳур – болаликдан буён барча мазали булочкаларни севиб истеъмол қилади: ширин булочкалар, мак, майиз, долчин, мураббо, кунжутли, уйни эслатадиган булочкалар. Агар сиз уй шароитида тайёрлаш учун булочка ретсептини, хамирини тайёрлаш сирларини излаётган бўлсангиз, қуйида хамиртурушли булочка тайёрлаш жараёни билан танишишингиз мумкин.

БУЛОЧКА ТАЙЁРЛАШ УЧУН КЕРАКЛИ МАСАЛЛИҚЛАР
Ретсепт 16 та булочка учун мўлжалланган

3/4 стакан (180мл) сут;
3/4 стакан (180мл) сув;
1/2 стакан (100 г) шакар;
1 чой қошиқ туз;
2 та тухум;
5 чой қошиқ (15 г) қуруқ фаол хамиртуруш;
5 стакан (700 г) ун;
100 грамм маргарин ёки сариёғ (эритилади);
Юзасига суртиш учун тухум сариғи (хоҳишга кўра).
БУЛОЧКА ТАЙЁРЛАШ УСУЛИ
Тайёргарлик кўриш: 30 дақиқа | Тайёрлаш: 15 дақиқа | Умумий вақт: 45 дақиқа

Ўртача оловда кичикроқ идишда сут, сув, шакар ва тузни қиздиринг. Суюқлик иссиқ эмас, балки илиқ (45 °Ц атрофида) бўлиши керак. Оловдан олинг, сўнг хамиртуруш ва енгил урилган тухум қўшинг, аралаштиринг.
Каттароқ идишга ун солинг. Унда ботиқлик ҳосил қилинг ва ҳосил бўлган чуқурчага хамиртуруш-сутли аралашмани қуйинг. Аралаштирманг. Идиш қопқоғини ёпинг ва 20-30 дақиқа қолдиринг.
Эритилган маргаринни унга қўшинг ва яхшилаб аралаштиринг. Хамир жуда ёпишқоқ бўлса, яна қўшимча ун қўшинг. Бироз аралаштириб, булочка хамири кўтарилиши учун идишни 20-30 дақиқа давомида ёпиб қўйинг.
Хамирдан кичик булочкалар ясаб, пишириш листига теринг. Устини ёпинг ва янада кўпроқ ко”тарилиши учун илиқ жойда 20-30 дақиқа қолдиринг. Булочкалар устига тухум сариғини суртишингиз мумкин, шунда улар юзаси янада қизариб пишади.
15 дақиқа давомида олдиндан 200 °Ц гача қиздирилган печда пиширинг.
БУЛОЧКА МАЗАЛИ ВА ЮМШОҚ ЧИҚИШИ СИРЛАРИ
Ун албатта олий навли бўлиши керак. Бундан ташқари, у идеал қуруқ бўлиши ва яхши эланганлиги ҳам аҳамиятга эга. Агар ушбу қоидага риоя қилинса, хамир бир хилда чиқади, унда эримай қолган унли тўпчалар ёки ёт жисмлар бўлмайди.

Булочка учун маргарин ёки сариёғ танлаш масаласига келганда, ҳар ким ўз таъбига мосини танлаши мумкин. Лекин сут хонаки ва ёғли бўлса, булочка ўта ёғли бўлиб кетмаслиги учун маргариндан фойдаланган маъқул. Хонаки сутдан тайёрланган булочкалар янада мазалироқ чиқади.

Шакарни ёқтирувчилар (ёки аксинча, камроқ хуш кўрувчилар) ретсептга бироз ўзгартириш киритиш истагида бўлишса, бунда эҳтиёткор бўлмоқлик керак. Шакарни жуда кам солиш хамир кўтарилишига салбий таъсир қилади, чунки хамиртуруш айнан шакар билан озиқланади. Уни ошириб юбориш натижасида эса хамир шунчаки ачиб қолади.

Туз миқдори – пишириқ тайёрлашнинг муҳим нуқталаридан бири, ҳатто ширинлик бўлса ҳам. Хамирни шўр ҳам, таъмсиз қилиш ҳам керакмас. Туз миқдори шакар миқдорига боғлиқ. Ретсептда кўрсатилган нисбатга амал қилиш булочкалар ширин чиқишини таъминлайди.

Изоҳлар

0
Фикрингизни қолдиринг
Изоҳлар текширувдан сўнг чиқади.

Ҳозирча изоҳ йўқ — биринчи бўлиб фикр билдиринг!

Шу мавзуда

Бўлимга ўтиш →