Али ибн Абу Толиб
Ҳазрати Али ибн Абу Толиб ибн Абдулмутталиб (каррамаллоҳу важҳаҳу) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам каби Макканинг Қурайш қабиласи, ҳошимийлар уруғидан. Милодий 600 йили Маккада туғилганлар. Расули акрамни ҳимояга олган амакилари Абу Толибнинг ўғиллари. Оналари Фотима бинти Асад. Абу Толибнинг оиласи катта, шароити оғир бўлгани учун кичик ўғиллари Али беш ёшидан Расулуллоҳнинг уйларида турди, у Зотнинг тарбияларида бўлиб, ирфон хазиналаридан файз олди. Кейинчалик Пайғамбаримизнинг қизлари Фотимаи Заҳрога уйланиб, у Зотга куёв бўлдилар. Сарвари коинотга пайғамбарлик келганида эркаклардан биринчи Абу Бакр Исломни қабул қилган бўлса, болалардан биринчи бўлиб ўн ёшли Али мусулмонликни қабул қилди. Ҳазрати Алининг бутун ҳаётлари Расулуллоҳ алайҳиссалом билан ёнма-ён кечди. Ҳижрат асносида Пайғамбаримиз ҳимоялари учун ҳаётини хавф остига қўйиб, у Зотга Қубода етиб олдилар. Ислом душманлари билан бўлган жангларнинг барчасида буюк қаҳрамонликлар кўрсатдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида жасадларини ўзлари ювдилар. Ҳазрати Али бирор марта бутга сиғинмаганлари ва жоҳилият ифлосликларидан узоқда бўлганлари учун «каррамаллоҳу важҳаҳу» (Аллоҳ юзини мукаррам қилсин) деб сифатланганлар. Бу киши катта олим, Қуръони карим билимдони, фозил, сахий, юксак тақво соҳиби, Исломнинг машҳур нотиғи ва воизи эдилар. Расули акрамдан 586 та ҳадис ривоят қилганлар. Ашараи мубашшарадан ва Хулафои рошидиннинг тўртинчиси эдилар. Беш йил халифалик қилдилар. Умрлари охирида Куфада яшаб, ҳижрий 40 (милодий 661) йили ўн еттинчи рамазон куни хаворижлар юборган Абдураҳмон ибн Мулжам деган шахс томонидан ҳалок этилиб, шаҳид бўлдилар.
Пайғамбар алайҳиссалом Алини жуда яхши кўрганлар, иззат-эҳтиром кўрсатиб, ҳурматлаганлар. Бунга у Зотдан ривоят қилинган кўплаб ҳадислар гувоҳлик беради: Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен кимнинг мавлоси (ҳомийси) бўлсам, Али ҳам унинг мавлосидир», дедилар» (Имом Термизий ривояти); Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Алини мунофиқ яхши кўрмайди. Уни мўмин ёмон кўрмайди», дер эдилар» (Имом Термизий ривояти); Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ мени тўрт кишини севишимга буюрди ва У Зотнинг Ўзи уларга муҳаббат қилишининг хабарини берди», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, бизга уларнинг исмларини айтиб беринг», дейишди. «Али улардан биридир», деб уч марта айтдилар. Кейин «Абу Зарр, Миқдод ибн Асвад ва Салмон», дедилар. «У Зот уларга муҳаббат қилишни менга буюрди ва Ўзи ҳам уларга, албатта, муҳаббат қилишининг хабарини берди», дедилар» (Имом Термизий ривояти); Ҳабаший ибн Жунада розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Али мендандир. Мен Алидандирман. Мен адо этишим лозим бўлган нарсаларни фақат ўзим ёки Алигина адо этади», дедилар» (Имом Термизий ривояти); Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нарса сўрасам, берар эдилар. Агар сукут қилсам, ўзлари берар эдилар» (Имом Термизий ривояти); Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида бир парранда (гўшти) бор эди. Шунда у Зот: «Эй Аллоҳим, ҳузуримга халқингнинг ичидан Ўзингга энг севимлисини келтиргин, мен билан ушбу паррандадан есин», дедилар. Али келиб, у Зот билан еди»; Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен ҳикмат ҳовлисиман, Али унинг эшигидир», дедилар» (Имом Термизий, Табароний ва Ҳоким ривоят қилишган. Худди шу ривоятнинг Имом ибн Абдул Барр келтирган лафзида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен илмнинг ҳовлисиман, Али унинг эшигидир. Ким илмни истаса, унинг эшигидан келсин», деганлар).
Бу ҳам фақат ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ўзларига хос фазилат бўлиб, бунда у кишига бошқалар шерик бўла олмаган. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу мусулмон уммати ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги энг илмли киши эдилар. Ечилиши қийин бўлган масалаларни ўша киши ечар эдилар. Бу ўта машҳур бўлганидан, кенг тарқалган масалга айланиб кетган. Арабларда ҳозиргача бирор масала ечилмай қолса, «Бу бир масалаки, уни ечгани Абул Ҳасан йўқ», деган гап айтилади. Абул Ҳасан ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг куняларидир. Албатта, бу мақомлар ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг мусулмон уммати тарихида ва бутун инсоният тарихида энг шарафли ва комил инсонлардан эканларини кўрсатади.
Ибн Саъд, Табарий ва бошқа уламолар ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг кўринишлари ҳақида қуйидагиларни ривоят қилишган: «У киши ўта буғдойранг эди. Кўзлари катта ва оғир эди. Қорни чиққан эди. Соқоли катта ва қалин эди. Кўкрагидаги жунлари кўп эди. Бўйи пастга яқинроқ эди. Билагининг пайлари йўғон, болдирининг пайлари ҳам йўғон эди. Юзи энг чиройли одамлардан эди. Оқ тушган соч ва соқолини ўзгартирмас эди. Сертабассум эди».
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони каримнинг биринчи оятларини нозил қилиб, у Зотни Пайғамбар қилиб танлаб олганда Али ўн ёшли бола эди. Инсоният тарихида энг улкан ўзгариш ясаган бу ҳодисадан биринчилардан бўлиб хабар топган ҳам Али ибн Абу Толиб бўлди.
Ўша кундан бошлаб, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу инсониятни зулматлардан нурга чиқариш учун Аллоҳ таолонинг амри билан ёлғиз ўзлари кураш бошлаган, ёнларига турмуш йўлдошлари Хадижа онамизни қўшган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу эзгу ишларига учинчи киши бўлиб қўшилдилар. Али ўша кундан бошлаб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло томонидан юборилаётган ояти карималарни биринчилардан бўлиб эшитадиган, ўқиб-уқадиган ва амал қиладиган кишига айландилар. У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ажрамас, у кишининг барча ишларида бирга бўлар эдилар. Улар Исломга оид барча нарсаларни ҳеч кимга билдирмай, сир сақлар эдилар. Намозни ҳам беркиниб ўқишар эди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратлари асносида Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу катта шижоат ва жасорат кўрсатган эдилар. Бу ҳақда имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоятни келтиради: «Қурайш бир кеча Маккада машварат қилди. Кимдир эрталаб: «Муҳаммадни ушлаб, боғлаб қўйинглар», деди. Бошқалари эса: «Йўқ, уни ўлдириш керак», дейишди. Баъзилари: «Маккадан чиқариб юборинглар», деди. (Охири улар ҳар қабиладан биттадан кучли ва чапдаст йигитни танлаб олиб, бир гуруҳ тузиш ва ўша гуруҳ кечаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ётган жойларига бостириб кириб, баравар бирданига қилич солишга келишдилар. Шундай қилинганда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қонлари барча қабилаларга тенг тарқаб, у кишининг қариндошлари ҳеч кимдан ўч ола билмасликлари кўзда тутилган эди.)
Аллоҳ таоло буни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга билдирди. Ҳазрати Али Расулуллоҳнинг тўшакларига кириб ётди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Маккадан чиқиб, ғоргача етиб олдилар. Мушриклар Али розияллоҳу анҳуни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам деб ўйлаб, кечаси билан пойлаб чиқдилар. Эрталаб ёпирилиб кириб, Алини кўрганларида Аллоҳ уларнинг макрларини фош этди. Улар: «Оғайнинг қани?» деб сўрадилар. Али : «Билмайман», деди. Улар Расулуллоҳни изларидан ахтариб кетишди. Тоққа етганларида адаштириб қўйишди. Тоғнинг тепасига чиқиб, у Зот Абу Бакр билан яшириниб ўирган ғор ёнидан ўтишди. Ғорнинг оғзидаги ўргимчак уясини кўриб: «Агар у бу ерга кирганида, ўргимчак уяси бўлмас эди», деб ўтиб кетишди. Расулуллоҳ ўша жойда уч кун қолдилар».
Мадинада Ислом жамиятининг шаклланиши ва ривожланиб боришидаги барча ишларда ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу фаол қатнашдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинаи Мунавварага ҳижратларининг иккинчи йили, аниқроғи, ҳижратдан ўн тўққиз ой ўтиб, Рамазон ойида катта Бадр уруши бўлди. Нафақат Ислом тарихида, балки бутун инсоният тарихида Бадр урушининг аҳамияти ниҳоятда каттадир. Бу уруш бўлиб ўтган кунни Аллоҳ таоло «Фурқон куни», яъни ҳақ билан ботил фарқланиб, ажрим бўлган кун, деб номлаган. Ўша куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам байроқ тикишга амр этдилар. Байроқлар учта эди. Бирини Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу кўтариб юрди. Қолган иккитасининг ранги қора бўлиб, уларни Али ибн Абу Толиб ва Саъд ибн Муозлар кўтаришди. Инсоният тарихидаги энг ҳал қилувчи урушда иймон лашкарининг байроқдори (яловбардори) бўлиш ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга насиб этди. Бу ҳам у кишининг мислсиз фазлларидан бири эди.
Расули акрамнинг қизлари Мадинага кўчиб келишгач, ҳазрати Фотиманинг қўлини сўраб, бир неча улуғ саҳобалар совчи қўйишди. Аммо Расулуллоҳ уларни қайтаравердилар. У Зот суюкли қизларини ҳазрати Алига завжаликка муносиб кўрганларини сезган саҳобалар Алига бу ҳақда маслаҳат беришди. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу уларнинг гапларидан шижоатланиб, Фотимаи Заҳронинг қўлларини сўраш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинроқ жойда турдилар ва у Зот эшитадиган қилиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизларига совчилик қилмоқчи бўлган эдим. Ўзимнинг бирор нарсам ҳам йўқ эди. Аммо яқинлик ва меҳрларидан умидвор бўлиб сўрадим», дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапни дарҳол мулоҳаза қилдилар ва у кишига оғир ботмайдиган қилиб: «Бирор нарсанг борми (маҳрга)?» дедилар. «Йўқ, эй Аллоҳнинг Расули», деб жавоб бердилар Али . «Ҳутамийя совутинг қани?» дедилар. «Ўзимда, эй Аллоҳнинг Расули», дедилар. «Бўлмаса, ўшани бер», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.
Али ибн Абу Толиб тезда бориб, совутни олиб келдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни сотиб, келинга сеп қилишни буюрдилар. Совутни Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу тўрт юз етмиш дирҳамга сотиб олди. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу бу пулни келтириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига қўйдилар. У Зот муборак қўллари билан уларни олдилар ва бир қисмини Билол розияллоҳу анҳуга бериб, атир ва хушбўй нарса сотиб олиб келиш учун топширдилар. Қолганини Умму Салама розияллоҳу анҳога бериб, келинга керакли нарсаларни сотиб олишни тайинладилар. Сўнгра Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларини чақириб, қизлари Фотимани Али ибн Абу Толибга тўрт юз мисқол кумуш маҳр билан, қоим суннат ва вожиб фаризат шарти ила никоҳлаб бераётганларига уларни гувоҳ қилдилар. У Зот никоҳ хутбасини келин-куёвнинг ҳақларига дуо қилиш, уларга бахт-саодат ва солиҳ зурриёт тилаш билан тамомладилар.
Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу ўта камбағал ва дунё ишларига зоҳид бўлганларидан уларнинг ҳаётлари йўқчилик, иқтисодий танглик билан ўтар эди. Бу ҳақиқат мўътабар ҳадис, сийрат ва тарих китобларимизда келган кўплаб ривоятларда аксини топган.
Ҳижратнинг учинчи йили шаввол ойида Уҳуд жанги бўлди. Унда Аллоҳ таолонинг лашкарлари ўз динлари ва ватанларини ҳимоя қилиб, тоғутнинг лашкарлари устига шердек ташландилар. Аллоҳнинг лашкарлари орасида «Шери Худо» лақабини олган ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу фидокорликлари билан алоҳида ажралиб турар эдилар. Ҳазрати Алининг баҳодирлиги, шижоати ва душманга бўлган нафрати ибратга лойиқ эди. У киши кескир қиличларини ҳавода ўйнатиб, «Аллоҳу акбар!» деб, мушрикларнинг бошига тинмай ажал уруғини сочар эдилар. Жанг давомида мисли кўрилмаган қаҳрамонлик ва фидокорлик кўрсатиб урушаётган мусулмонларнинг байроқдори Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу шаҳид бўлдилар. Ислом байроғи у кишининг қўлидан тушиб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳуни чақириб, байроқни у кишига топширдилар. Ҳазрати Али эса бир қўллари билан Ислом байроғини, иккинчи қўллари билан машҳур зулфиқор қиличларини тутиб, мушрикларга қирон келтиришни давом эттирдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу икки шуҳрат эгасини тақдирлаб: «Зулфиқордек қилич йўқ, Алидек йигит йўқ», деганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳуни бир неча жангчи гуруҳлар, яъни сарийяларга бошлиқ қилиб, алоҳида топшириқлар билан ҳам юборганлар. Бу сарийяларнинг энг каттаси Яманга юборилган сарийя эди. Уларнинг ҳаммасида ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ўзларига Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан юкланган вазифаларни шараф билан адо этганлар. Умму Атийя розияллоҳу анҳодан қилинган ривоятда у киши айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир лашкар юбордилар. Уларнинг ичида Али ҳам бор эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини кўтариб туриб: «Эй Аллоҳим, менга Алини кўрсатмай туриб мени вафот эттирмагин», деганларини эшитдим» (Имом Термизий ривояти).
Ҳижратнинг бешинчи йили бўлган Ҳандақ (Аҳзоб) урушида ҳам ҳазрати Али бемисл жасорат кўрсатдилар. Қурайшликлардан Амр ибн Абди Вурд ал-Омирий мусулмонларни яккама-якка олишувга чақирди. Ҳазрати Али икки марта у билан олишувга чиқмоқчи бўлдилар, аммо икки сафар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини қайтардилар. Амр мусулмонларни айблай бошлаганидан кейин ҳазрати Али унга қарши чиқдилар. Иккалалари тўқнашган пайтда ҳазрати Али Амрга: «Эй Амр, қурайшлик бирор киши сени икки нарсага чақирса, яхшисини олишга Аллоҳга аҳд қилган эдинг-ку?!» деди. «Тўғри», деди Амр. «Мен сени Аллоҳга, Унинг Расулига ва Исломга чақираман», деди Али . «Менга уларнинг кераги йўқ», деди Амр. «Мен сени олишувга чақираман», деди Али . «Нима учун, эй жиян? Аллоҳга қасамки, мен сени ўлдиришни хоҳламайман», деди у. «Мен сени ўлдиришни истайман», деди Али . Шунда Амр қизишиб кетди ва эгардан тушиб, отини сўйиб юборди. Али билан жангга ҳозирланди. У Алига томон юрди. Олишув бошланди. Амр қилич солган эди, Али қалқони билан тўсди. Аммо қилич қалқонни ёриб ўтиб, Алининг бошини яралади. Али ўз навбатида музаффар қиличи билан кучли зарба бериб, Амрни қатл этди. Мусулмонлар такбир айтишди. Қолган мушриклар орқаларига қарамай қочишди.
Ҳайбар уруши ва унда ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг кўрсатган мислсиз қаҳрамонликлари ҳақида ҳадисларда, уруш, сийрат ва тарих китобларида жуда кўплаб маълумотлар келган. Улардан баъзиларини келтирамиз: Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳайбарда Али Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ортда қолган эди. Унинг кўзи оғриб қолган эди. У «Мен ортда қолар эканманми?!» деди-да, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб олди. Аллоҳ фатҳ қилган тонгнинг кечасидан олдинги оқшом чоғида Расулуллоҳу соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эртага байроқни Аллоҳ ва Унинг Расули яхши кўрадиган кишига бераман ёки Аллоҳни ва Унинг Расулини яхши кўрадиган киши олади. Аллоҳ унга, албатта, фатҳ беради», дедилар. Қарасак, Али турибди. Шуни умид қилган эдик. «Мана, Али », дейишди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам байроқни унга бердилар. Аллоҳ унга фатҳ берди» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳайбар куни Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳуга: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сенинг сабабингдан бир кишини ҳидоятга солмоғи, сен учун энг афзал неъматлардан кўра яхшироқдир», деган сўзлари мусулмонларнинг фатҳ ишларидаги шиори бўлиб қолган эди. Ҳазрати Алининг Ҳандақ ва Табук ғазотларидаги жасоратлари, фидойиликлари ҳам тилларда достон бўлган.
Зулҳижжа ойидан беш кун қолганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаждан қайтиб келдилар. Янги, ўн биринчи ҳижрий йилнинг биринчи ойи муҳаррам ҳам ўтди. Сафар ойининг охирига келиб, душанба куни у кишининг хасталиклари бошланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг беморликларига қарашда эркаклардан ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу бош-қош бўлиб турдилар. У Зотнинг вафотлари, дафнлари ва бунга тегишли барча ишларда ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу барча ишларни бошқардилар. Имом Ибн Можа, Ибн Саъд ва Табароний қилган ривоятнинг имом Табароний Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан келтирган матнида қуйидагилар айтилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оғирлашиб қолганларида ҳузурларида Оиша ва Ҳафса бор эди. Бирдан Али розияллоҳу анҳу кириб келди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўришлари билан бошларини кўтардилар ва: «Менга яқинроқ кел! Менга яқинроқ кел!» дедилар. У келиб, у Зотни ўз кўксига суяди. Сўнгра вафот этгунларича у Зотнинг олдиларида бўлди. Вафот этганларида эса у Зотни ювиш, жанозаларини ўтказишга бош бўлди.
Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи Абдуллоҳ ибн Муҳаммаддан келтирган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўрига қўйилганда Али : «У Зотга (жанозасига) биров имом бўлмайди. У Зот тирикликларида ҳам, маййитликларида ҳам имомингиздир», деди. Одамлар тўп-тўп бўлиб кириб, саф-саф бўлиб туриб, жаноза ўқир эдилар. Уларнинг имоми йўқ эди. Али Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларида туриб олиб: «Ассалому алайка, айюҳаннабийю ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу! Эй Аллоҳим! Биз гувоҳлик берамиз. У Зот ўзларига нозил бўлган нарсани етказдилар. Умматга насиҳат қилдилар. Аллоҳнинг йўлида то Аллоҳ динини азиз қилгунча ва калимасини олий қилгунча уруш қилдилар. Эй Аллоҳим! Бизни у Зотга нозил бўлган нарсага эргашадиганлардан қилгин. У Зотдан кейин бизни саботли қилгин. У Зот билан бизни жам қилгин», дер эди. Одамлар «Омин!» дейишар эди. Шундай қилиб, у Зотга эр кишилар, сўнгра аёллар, кейин болалар жаноза ўқидилар». Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни Али ибн Абу Толиб, Фазл ибн Аббос ва Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳум қабрга қўйганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин мусулмонлар оммаси Абу Бакр Сиддиқни халифа қилиб сайлаганларида ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳам у кишига байъат қилдилар. У киши бу маънодаги баъзи тушунмовчиликлар ва хилофга сабаб бўладиган ҳолатларга ҳам қаттиқ қарши турдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган мерос ҳақидаги биринчи халифа билан Фотима онамиз ораларида бўлиб ўтган тушунмовчиликда икки тарафни яраштиришга ҳам айнан ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳаракат қилдилар.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу биринчи халифа даврида иккинчи вазир бўлган бўлсалар, иккинчи халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг даврларида халифага яна ҳам яқинроқ бўлдилар. Ҳеч бир шўро мажлиси у кишисиз ўтмас, халифа ҳам ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг фикрларини олмай туриб, бирор катта ишга қарор қилмас эди. Ҳазрати Умарнинг даврларида ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Ислом жамиятининг бош қозиси ҳам эдилар. Ибн Саъд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Умар ибн Хаттоб: «Али ичимизда энг яхши қозидир», деди». Ибн Саъд Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Умар ибн Хаттоб Али йўқ бўлган пайтдаги қийин масалада Аллоҳнинг паноҳини сўрар эди».
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг даврларида ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг Ислом жамиятидаги тутган ўринлари яна ҳам юқорига кўтарилди. Аввало, Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг ўзлари худди ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу каби халифаликка муқобил номзод бўлсалар-да, ўз номзодларини қайтариб олмаган бўлсалар ҳам, Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг номзодларини олдинга сурганларида у кишидан кейин биринчи бўлиб байъат қилдилар. Кейин эса у кишининг ёнларида туриб, ихлос билан хизмат қилдилар. Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу деярли ҳар бир ишда ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳусиз қарор қабул қилмас эдилар.
Имом Табарий Муҳаммад ибн Ҳанафиядан ривоят қиладилар: «Усмон розияллоҳу анҳу қатл қилинганида отам билан бирга уйда эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари келиб ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга: «Анави киши қатл қилинди, энди одамларга имом лозим. Бугунги кунда бу ишга сендан кўра ҳақли одам йўқ. Сендан аввал Исломга кирган ҳам йўқ. Сендан кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин ҳам йўқ», дейишди. «Бундай қилманглар, менга вазир бўлганим амир бўлганимдан яхшидир», деди. «Аллоҳга қасамки, сенга байъат қилмай қўймаймиз», дейишди. «Ундай бўлса, фақат масжидда, менга байъат махфий бўлмаслиги керак. Менга байъат фақат мусулмонларнинг розилиги билан бўлиши керак», деди. У киши масжидга кирганида муҳожирлар байъат қилишди. Сўнгра бошқалар байъат қилишди».
Сўнгра ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу минбарга чиқиб, халифа сифатида ўзларининг биринчи хутбаларини қилдилар. Аллоҳ таолога ҳамду сано айтганларидан кейин қуйидагиларни айтдилар: «Албатта, Аллоҳ азза ва жалла ҳидоят қилувчи Китоб нозил қилгандир. Унда яхшилик ва ёмонлик баён қилингандир. Бас, яхшиликни олингиз, ёмонликни қўйингиз! Аллоҳнинг фарзларини адо қилсангиз, У Зот сизга жаннатни беради. Албатта, Аллоҳ ҳаромларни ҳаром қилгандир. Улар мажҳул эмасдир. У Зот мусулмоннинг ҳурматини ҳамма ҳурматлардан афзал қилди. Мусулмонларни ихлос ва бирликка қаттиқ амр қилди. Одамлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган киши чин мусулмондир, фақат ҳақ билан бўлса, мустасно. Мусулмонга озор бериш жоиз эмас, фақат вожиб бўлган нарса билан бўлиши бор».
Ислом оламининг раҳбари бўлишига қарамай халифа Али камтарлигини, ҳоксорлигини, озига кўниб, оддий кийинишини ва зуҳду тақвосини унутмади. Абу Нуъайм Амр ибн Қайсдан ривоят қилади: «Алига: «Эй мўминларнинг амири, нима учун кўйлагингизни ямаб юрасиз?» дейилди. «Қалбнинг хушуъси учун ва мўминнинг иқтидо қилиши учун», деди»; Абу Нуъайм Зайд ибн Ваҳддан ривоят қилади: «Алининг ҳузурига Басра аҳлининг ҳайъати келди. Уларнинг ичида хавориж аҳлидан Жаъд ибн Наъжа деган ҳам бор эди. У Алини кийимида айблади. Шунда Али: «Кийимимга нима бўлибди? Кибрдан узоқроқ, мусулмоннинг иқтидо қилишига лойиқроқ», деди»; Аъмаш розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Али розияллоҳу анҳу тушликка ҳам, кечқурунга ҳам Мадинадан келтирган нарсасини ер эди»; Абу Нуъайм Абдуллоҳ ибн Шарикдан, у бобосидан ривоят қиладилар: «Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга фолунж келтирилди ва олдига қўйилди. Шунда у: «Албатта, сенинг ҳидинг ёқимли, рангинг гўзал, таъминг ёқимли, лекин мен нафсимни ўрганмаган нарсасига ўргатишни хоҳламайман», деди».
Имом Бухорий «Адабул-муфрад»да кийимфуруш Солиҳдан, у момосидан ривоят қиладилар: «Али розияллоҳу анҳунинг бир дирҳамга хурмо олиб, дастрўмолига солиб, кўтариб кетаётганини кўрдим. Бир одам: «Эй мўминларнинг амири, сизнинг ўрнингизга мен кўтарай», деди. «Йўқ. Оила бошлиғи ўзи кўтариши яхшидир», деди у»; Ибн Асокир Зазаондан ривоят қилади: «Али розияллоҳу анҳу волийлик вақтида бозорларда ёлғиз ўзи юрар эди. Адашганга йўл кўрсатар, йўқолган нарсани эълон қилар ва заифга кўмак берар эди. Савдогар ва баққолларнинг олдидан ўтганда, «Ўша охират диёрини Биз ер юзида такаббурлик ва бузғунчиликни истамайдиганлар учун қилурмиз» оятини тиловат қилар ва: «Ушбу оят одамларга волий ва аҳли қудрат бўлганлардан адолатли ва тавозуълилари ҳақида нозил бўлган», дер эди».
Ҳазрати Али саҳобаларнинг энг улуғ олимларидан эдилар. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида у Зотга нозил бўлган ояти карималарни ёзиб борган оз сонли котибларидан бўлиш билан бирга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръони Каримни тўлиқ ёд олган ва ёд олганларини у Зотга ўқиб бериб, ўтказиб олган қорилардан бири ҳам эдилар. Кейинчалий у киши Қуръони Каримни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан қандай қабул қилиб олган бўлсалар, бошқаларга ҳам худди ўшандай қилиб ўтказдилар. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳудан Қуръони Каримни тўлиқ ёд олиб, ўтказган улуғ зотлар ичида Абул Асвад ад-Дуалий, Абу Абдурраҳмон ас-Силмий, Абдурраҳмон ибн Абу Лайло ва бошқалар бор эдилар. Қуръони Каримнинг машҳур етти қироатидан бири бўлган «Ҳамза қироати» ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилиниши бежиз эмас.
Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига ҳам катта илмий хизмат қилганлар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан беш юз саксон олтита ҳадиси шарифни ривоят қилганлар. Бу ҳадиси шарифларни ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ўғиллари, катта саҳобийлар ва тобеъинлар ривоят қилишган. У кишидан ривоят қилинган хутбалар, мактублар ва турли муносабатларга оид фикрлар у кишининг ҳақиқий улкан олим эканларининг ёрқин далилидир. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ва Саййид Муртазо томонидан жамланган «Наҳжул балоға» китоби ҳамманинг таҳсинига сазовор бўлган. Бу китоб қадимдан катта эътибор билан ўрганиб келинган ва унга кўплаб шарҳлар ёзилган.
Ҳазрати Алининг халифалик даври улкан фитналар замонига тўғри келди. У киши раҳбар бўлганларида Жамал ва Сиффийн воқеалари юз берди. Ҳазрати Али турли тоифачи ва фитначи гуруҳларга қаттиқ қарши турдилар, Ислом биродарлигини асраб қолиш, фитналарга барҳам беришда мислсиз матонат ва жонбозлик кўрсатдилар. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу фитначи хаворижлар билан турли йўлларни ишга солиб, гаплашиб кўрдилар, насиҳат қилдилар, аммо фойдаси бўлмади. Ниҳоят, уларни йўлга солишдан умидларини узганларидан сўнг: «Агар бизга қарши хуруж қилмасангиз, сизларни масжидларимиздан ман қилмаймиз. Модомики, қўлларингиз биз билан экан, сизларни ўлжадан маҳрум қилмаймиз. Бизга қарши уруш қилмагунингизча, биз сизга қарши уруш қилмаймиз», дедилар. Бу ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ниҳоятда бағрикенг инсон эканларига яна бир далилдир. У киши ўзларини кофир деб турган қавмга ана шундай илтифотларни кўрсатаётган эдилар.
Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу ўз одамларига урушни зинҳор аввал бошламасликни қаттиқ тайинлаб қўйган эдилар. Хаворижлар биринчи бўлиб уруш бошладилар. Урушда уларнинг деярли барчалари қирилиб битди. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг одамларидан етти киши шаҳид бўлдилар, холос. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хаворижларнинг чиқиши ҳақида ўз ҳадиси шарифларидан бирида олдиндан хабар айтиб қўйган эдилар. Бу ҳадиси шарифни ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан имом Муслим ва имом Абу Довудлар ривоят қиладилар.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Муҳаммад алайҳиссалом дорилфунунларининг пешқадам толиби ўзларининг соф иймонлари билан номардлар, хоинлар ва ҳийлакорларга рўбарў бўлиб қолган эдилар. Аммо у киши нима бўлганда ҳам, иймонни саломат сақлашни барча нарсадан устун қўйган эдилар. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу доимо ҳақ йўлни ахтарар ва Аллоҳ таолонинг розилигини топадиган ишни қилишга ҳаракат қилар эдилар. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу қаёққа бурилсалар, ҳақ ҳам ўша ёққа бурилишини эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилиб, Аллоҳ таолодан сўраган эдилар.
Ўша куни ҳазрати Алини ўлдиришга қасд қилган хаворижлардан Абдурраҳмон ибн Мулжам иккита одами билан ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни намозга чиқадиган жойларида кутиб турди. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу одатдагидек, одамларни бомдод намозига уйғотиб, ўзлари келавердилар. Абдурраҳмон ибн Мулжам пойлаб туриб, у кишининг қоқ пешоналарига қилич билан урди. Қон отилиб, ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг соқолларини бўяди. Одамлар қаттиқ яраланган ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни уйларига кўтариб олиб кетишди. У киши йўлда зўрға кўзларини очиб, ўзларини кўтариб кетаётганларга: «Намоздан кеч қолманглар», дедилар.
Одамлар намозни ўқиб бўлиб, ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан хабар олиш учун югурдилар. Шу пайт қотилни ҳам ушлаб олиб келишди. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу кўзларини аранг очиб, қотил Абдурраҳмон ибн Мулжамни танидилар ва: «Сенмидинг? Сенга доим яхшилик қилган эдим-ку!» дедилар. Сўнгра ўғилларига, ўз одамларига назар солдилар. Уларнинг барчаси қотилни парчалаб ташлашга шайланиб турар эдилар. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу уларга қараб: «Буни яхши жойга қўйинглар. Яхшилаб қаранглар. Агар яшаб кетсам, уни нима қилишни ўзим биламан. Қасос оламанми, афв қиламанми, бу − менинг ишим. Агар ўладиган бўлсам, уни менинг ортимдан жўнатинглар. У билан Роббил оламийннинг ҳузурида хусуматлашаман. Мен учун бундан бошқани ўлдирманглар. Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошганларни хуш кўрмас», дедилар.
Амирул мўминин ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга жума куни бомдоддан олдин суиқасд қилинган бўлса, у киши шанба куни мағриб вақтида жон таслим қилдилар. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу бу дунёни тарк этганларида олтмиш уч ёшда эдилар. У кишининг халифаликлари уч ойи кам беш йил давом этди. Ибн Саъднинг таъкидлашларича, ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни ўғиллари Имом Ҳасан ва Ҳусайн ҳамда Абдуллоҳ ибн Жаъфар ювганлар. Жанозаларини Имом Ҳасан ўқиганлар.
Машҳур тарихчиларимиздан Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳининг таъкидлашларича, ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Куфадаги Дорул Хилофага дафн қилинганлар. У кишининг яқин кишилари жаноза маросимларини ва дафнларини хаворижлардан махфий тутиш учун яширин ҳолатда ўтказганлар. Шунинг учун ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг жанозалари ва дафнлари ҳақида аниқ ва тўлиқ маълумотлар кам. Аксинча, турли ишончсиз маълумотлар бисёр.