Дария ва турфа ранг балиқчалар

Дария ва турфа ранг балиқчалар
Дария ва турфа ранг балиқчалар


Қачонлардир кўм-кўк тубсиз денгиз ва қалин зумрад ўрмон оралиғидаги кичкина қишлоқда балиқчилар оиласи яшаган экан. Хонадон соҳиби Кали, меҳрибон бека Дилда, ўғли Мансур ва соҳибжамол қизалоқ Дариядан иборат бу уйда барчанинг ўз юмуши бор эди. Кали балиқ тутиб келар, Мансур парранда ва даррандаларни овлашда моҳир эди. Дилда ва Дария уй ишлари билан машғул эдилар. Хонадонга кулфат етмагунча улар жуда бахтли эдилар. Ҳаммаси болаларнинг онаси Дилданинг вафотидан сўнг бошланди.

Доимо қувноқ, шодон Кали бир лаҳзада қайсар ва одамови инсонга айланди. У денгиздангина таскин топарди. Эрта тонгда чиқиб кетиб, тунда қайтиб келарди.

Шу аҳволда бир йил ўтди. Бир куни кечки овқатдан кейин минг истиҳола билан Мансур ва Дария отасига, уйланинг, дейишди.

Ҳар куни бир гапни такрорлаган болалар, ниҳоят, отани кўндиришди. У қишлоқ темирчисининг қизига уйланди.

– Мана, уйимизга бахт қайтиб келди, – деб Мансур билан Дария роса қувонишди. Афсуски, бундай бўлмади. Гўзал Бедер баджаҳл ва вайсақи эди.

– Ландавур! Дангаса! Текинхўр, – Мансур ва Дария ўгай онадан фақат шу сўзларнигина эшитар эдилар.


Бедер уларни оч қолдириб азоб берар, болалар эса оталари учун барча қийинчиликларга чидардилар. Мансур ҳамон овга чиқар, ўлжани уйга олиб келарди. Дария кун бўйи кир ювар, таом тайёрлаб, уй тозаларди. Лекин Бедер учун булар кам эди.

Дария ҳар кеча денгизга бориб аламидан ўкириб-ўкириб йиғларди. Бир оқшом у қирғоқ бўйида ўтириб, аччиқ-аччиқ кўз ёш тўкди. Шу пайт ой кўзни қамаштирар даражада нур таратиб, чор-атроф кундузгидек ёришиб кетди. Денгиз уфққача турфа ранг балиқларга тўлди. Балиқчалар унга жуда яқин сузиб келганида Дария уларнинг энг катта ва чиройлисининг овозини эшитиб қолди:

– Кўзёшларинг бизга тинчлик бермаяпти. Денгиз шусиз ҳам шўр. Нима учун йиғлайверасан?

Шунда қизгина ўзининг ғамгин қисматини сўзлаб берди. Балиқчалар уни қўлдан келганча юпатдилар. Шу воқеадан сўнг Дария ҳар кеча янги дўстлари билан гурунглашадиган бўлди.

Бир куни балиқлардан бири сузгичини яралаб олди. Дария сувга тушиб, бемор балиқни оҳиста силади ва у тузалиб кетди. Ўшандан бошлаб қиз денгиз жонзотларини даволай бошлади. Улар миннатдорчилик рамзи сифатида Дарияга чиғаноқларда дур, маржон ва қаҳрабо тортиқ қилардилар...

Дариянинг хушчақчақ бўлиб қолгани, ҳар кеча қайгадир ғойиб бўлишини сезган ўгай она унинг ортидан сездирмай соҳилга борди-ю, ақлдан озай деди. Қизча балиқчалар қуршовида гир айланиб рақсга тушар, чор-атрофни унинг қувноқ кулгиси тутган эди. У ҳозиргина қария саккизоёқни даволаганди. Бедер балиқлар ўгай қизга қимматбаҳо совғалар туҳфа қилаётганларини кўриб жазавага тушди. Уйга қайтиб ўша заҳоти Калини уйғотди.

– Сенинг қизинг маккор ва ношукур, – деди у бақириб, – ҳар кеча тентак балиқлардан қимматбаҳо совғалар олишини биздан яширади. Уйда эса ейишга урвоқ ҳам йўқ.

Кали лом-мим демади, у хотини денгиз жониворлари қизига берган совғаларни тортиб олиб, болаларни қадрдон уйларидан ҳайдаб солгачгина йиғлаб юборди.

Тез орада қишлоқдошлари Дария ҳақидаги гаплардан хабар топди. Унинг овозаси қўшни хонликларда ҳукмронлик қилаётган золим Белбек ва адолатли хон Жонибекка ҳам етиб борди. Хон Белбек етти ўғлини чақириб фармон берди:

– Денгиз менга қарашли, унинг бойликлари ҳам меники. Орангиздан ким ўғри қиз Дарияни тутиб, бу ерга олиб келса, ўша менинг меросхўрим бўлади.

Отаси каби золим ва шафқациз олти ўғил ўша заҳоти отларни эгарлаб йўлга отландилар.

Йўлда улар ўтиб бўлмас ботқоқликка дуч келишди. Уч ака-ука унга ботиб қолиб додлаб ёрдам сўрашди. Қолган учтаси эса бундан қувондилар.

– Хонликка даъвогарлар камайди, – дея шодон қичқирди тўртинчи ака ва уларни ташлаб шамолдек елиб кетдилар.

Шу орада тўртинчи ака қопқонга тушиб қолди. Ўша паллада бешинчи ака устига улкан дарахт қулади. Аммо энг даҳшатли кўргулик олтинчи ўғилни кутиб турарди. Синган дарахт илдизи остидан улкан бўғма илон чиқиб бўға бошлади.

Хоннинг кенжа ўғли саховатли ва ҳақгўй, юраги адолат ва мардонаворликка тўла ўспирин Искандар эса отасининг шафқациз фармонини эшитиб қизни хавфдан огоҳ этиш учун акалари ортидан шошилди. Ботқоққа ботган акаларини кўриб, уларга арқон ташлаб бирин-кетин балчиқдан тортиб олди. Улар биргаликда тўртинчи акани қопқондан бўшатиб, бешинчи акани ҳам босиб тушган дарахт остидан халос этиб, олтинчи акага ёрдамга шошилдилар. Ака-укалар олти ханжар билан улкан илон танасини бурдалаб ташладилар. Аммо илон исканжасидан қутулган йигит зўрға нафас олар, жони узилаётганди...

Шу пайт ялангликда Дария ва Мансур пайдо бўлди. Қиз индамай бориб бемор йигит бўйнида ўзининг сеҳрли бармоқларини айлантирди. Олтинчи шаҳзода ҳаётга қайтди, унинг муз юраги эриб кетди.

– Оғалар, – деди у. – Искандар ва бу гўзал қиз ҳаётимизни сақлаб қолди. Бунинг учун биз улардан миннатдор бўлишимиз керак.

– Кенжа укамиз отамизнинг меросхўри бўлсин, у бунга арзийди, – дейишди бошқа оға-инилар ва олтовлон отларини ортга бурдилар.

Искандар Жонибек ва унинг ягона қизи Ойша хоним таклифига кўра Дария ва Мансурни олиб саройга йўл олди. Жонибекхон табиб қиз шарафига катта байрам ташкил этди.

Бу пайтда ўгай она Бедер денгиз хазиналарини қўлга киритиш учун денгизга бориб, балиқчалар сузиб келишини узоқ кутди. Улар кўринавермагач, жаҳл билан қичқирди:

– Ҳой, аҳмоқ махлуқлар, тезроқ менинг бойликларимни олиб чиқинглар.

Бунга жавобан фақат қирғоқдаги қурбақаларгина бепарво қуриллаб қўйишди. Кейин улар ҳам бу хунук овоздан зада бўлиб қочиб кетишди. Қуруқ қўл билан қайтган Бедер уйга келса эрининг оғзи қулоғида. Кали унга фарзандлари хонлар билан қариндош тутинганини қувонч билан айтиб берди. Бу гапни эшитган Бедернинг аламдан юзига катта-катта сўгаллар тошиб кетди. Тасқарага айланиб, қўрқиб кетган ўгай она нарсаларини йиғди-ю, орқасига қарамай қочди.

Шоколадли кеча

Зиёда саккиз ёшли ёқимтой қиз экан. Қишки таътил кунларида у кўп вақтини хонасида ўйинчоқлар ўйнаб ўтказар экан. Ўша куни Зиёда хонасида копток ўйнаётганида онаси ошхонадаги шкафга катта қутида шоколад қўяётганини кўриб қолибди. Қизалоқ шоколадни жуда яхши кўрар экан. Шунинг учун бутун ҳаёли шоколад қутисида бўлибди. Аввал ўзига-ўзи:" Онам...

Ғалати ит

Бир бор экан, бир йўқ экан. Катта бир адирда бир қанча итлар бирга яшашар экан. Бу итларнинг ранглари турлича экан. Бири қора,бир оқ, бири жигарранг экан. Бир куни бу ерга олачи пор ит келибди. Итлар уни узоқдан кўриб ҳайрон бўлиб қолишибди......

Тойчоқ ва поезд

Саман поезд йўли яқинида яшайдиган тойчоқ экан. У тез-тез темирйўл вокзалига борар, поезднинг келиб кетишини кузатар экан. Поезднинг овози ва тутун чиқариб юриши унга жуда ёқар экан......

Қирқ ямоқ ҳақи

Бир бор экан, бир йўқ экан, биз кўрмаган, биз бўлмаган замонларнинг бирида икки қўшни бўлган экан. Бири ўта бой, бўғзигача мой, иккинчиси унинг хизматида сочи оқарган, аммо косаси оқармаган камбағал экан......

Сичқоннинг гугурт қутилари

Кичик бир қишлоқда хароба бир уй бор экан. Бу уйда иккита сичқон яшар экан. Улар бирбирларини жуда яхши кўришар, бир-бирларини яхши тушунишар экан. Сичқонлар фақат бир мавзуда келиша олмас эканлар: гугурт қутилари. Эркак сичқон гугурт қутисини йиғишни яхши кўрар экан. Қачон бўш гугурт қутисини кўрса, уни олиб уйга келтирар экан. Аммо сичқон хоним...

Кенгуру ва шифокор Лайлак

Қадим замонларда кичкина кенгуру яшаган экан. У ота-онаси билан яшар экан. Кенгурулар туғилганда жуда кичкина бўлар экан. Улар олти ойлик бўлгунча онасининг қорнидаги халтачада юрар, она сути билан овқатланишар экан. Кангу ҳам туғилгандан бери онасининг халтасида яшар экан. Бу ерларга баҳор келибди. Ҳамма ҳайвонлар табиат қўйнида ўйинлар ўйнай...

Сичқоннинг ношукурлиги

Бир бор экан, бир йўқ экан, кўм-кўк ўрмон ёқасида бир уй бор экан. Бу уйда бир кекса кампир ёлғиз яшар экан. Бир куни кампир эшик ёнида ип йигириб ўтирганда, қарға қувлаб келаётган сичқонни кўриб қолибди. Кампир ўрнидан туриб, қарғани калтак билан ҳайдабди. Сичқонни уйга олиб кириб, олдига бир кафт гуруч тўкибди......

Айиқнинг туғилган куни

Бир бор экан, бир йўқ экан. Катта ўрмоннинг ўртасида бир уй бор экан. Ўша уйда ота айиқ, она айиқ ва Маймоқвой исмли кичкина айиқча яшар экан. Баҳорнинг охирги кунларидан бирида она айиқнинг туғилган куни нишонланар экан. Маймоқвой бир неча кун онасининг туғилган кунида уни қандай хурсанд қилишни ўйлабди......

Бойлик топган бола

Бор экан-у, йўқ экан, қадим ўтган замонда бир чолнинг икки ўғли бўлиб, улардан бири сабрли ва меҳнаткаш, иккинчиси эса ялқов ва ишёқмас экан. Катта ўғил тинмай меҳнат қилгани учун ҳам соғлом ва бақувват бўлса, дангаса ўғил хўппа семиз ва дардманд экан......

Болам қаерда

Бир бор экан, бир йўқ экан, бир кўл атрофида тинч яшайдиган ўрдак оиласи бор экан. Ўрдак ҳар куни ўн нафар боласи билан кўлда сузар экан. Кўлнинг четида чинор дарахти бор экан. Унинг шохлари узун бўлиб, бир қисми кўлнинг ичига қараб ўсган экан. Ўрдак ҳар куни болалари билан бирга шу чинорга қараб сузар экан. У тумшуғини сувга тиқиб олар ва чинор...

Фикр қўшиш