Хўроз минган бола (эртак)

Хўроз минган бола (эртак)
Хўроз минган бола (эртак)


Бўривой ҳовлига чиқиб, у ёқ-бу ёққа қаради. Дон чўқилаётган хўрозни бир тепиб, қоқолатди-ю, кўчага ошиқди. Кечқурун ҳовли четидаги товуқхонада тепки еган хўроз йиғламсираб, ҳасрат қила бошлади:

– Мен ҳовлини бегона хўрозлардан ҳимоя қилиб, ўғри ҳаккани қувсам, шуми оқибат?

– Шуни айтинг, – бир оёғи қийшайиб, дардини тўкди қора макиён. – Кеча мени рогаткада отди. Оёғим, қанотим кечаси билан оғриб чиқди.

– Бунинг чорасини кўриш керак. Қо-қо-қо, – чувуллашди бошқа товуқлар.

– Қандай қиламиз? Катта хўжайинга айта олмаймиз. Барибир ишонмайди.

– Бошқа ҳовлига кетсак-чи?

– Уям бўлмайди, – деди тожи қизариб хўроз, чунки нариги ҳовлидаги ола хўроз билан анчадан буён чиқишмас, қолаверса, макиёнларнинг у ҳовлига ўтиб кетишини хоҳламас эди.

– Бир тинчгина жой бўлса, дон билан емиш мўл бўлса! – орзу қилди қўноқда қимирлаб товуқлардан бири.

– У Сусамбил, фақат китоблардагина бор, – кўзини юмиб, ҳорғингина гапга қўшилди кекса она товуқ.

Шу пайт катак ёнидаги ёғочга иккита каптар келиб қўнди:

– Ҳой эгачилар! Нима шовқин? – сўрашди улар.

– Э, нимасини айтасиз?! – деди она товуқ. – Бўривой деган бола бор. Роса додимизни бераяпти. Ундан ўлиб қутуламиз, шекилли.

– Ёки қочиб, – йиғламсираб қўшилди бошқаси. Каптарлар бир-бирига қараб олишди: “Айтамизми?”

– Унинг чораси бор, – деди бошини бир қимирлатиб кўк рангли каптар. – Биз яқинда қишлоқ четидаги тут дарахтига қўниб, дам олгандик. Унда сеҳргарликдан хабари бор укки яшайди. У хоҳлаган жонзотини кичрайтириб қўя олади.

– Лекин бу хавфли, – огоҳлантирди иккинчи каптар.

– Келинглар, эртага бир кузатайлик-чи, – дейишди каптарлар. Эртаси куни товуқлар билан дон чўқилаётган каптарлардан бири рогаткадан отилган тошдан ярадор бўлди. Яқинлашиб келаётган Бўривойдан зўрға қутулиб, уйнинг чордоғига учди. Бироздан кейин шериги ёнига қўнди.

– Аҳволинг қандай?

– Ёмон, қон оқаяпти. Бирор чора кўрмасак, учолмайман, шекилли.

– Кел, мен ёрдамлашаман.

Иккаласи бир амаллаб парвоз қилишди. Ўша тутга қўниб, Уккини кутишди. Орадан бир дон чўқигулик вақт ўтгач, дарахт ковагидан Укки кўринди.

– Нима гап, ҳурматли қўшқанотлар? – Виқор билан тебранди донишманд қуш.

– Укки жаноблари, бизга ёрдам беринг, – баравар қуқурлашди каптарлар. Кейин ҳовлидаги ғалати воқеаларни, Бўривойнинг қилиқларини айтиб беришди.

– Ҳа, ёмон, жуда ёмон бўлибди, – бошини чайқаб деди Укки.


– Атрофдаги жонзотларга озор бериш кечирилмас гуноҳдир. Бобомнинг айтишича, ер юзидаги ҳамма жонзотлар аҳил, иноқ яшаши керак экан. Агар ўртада аҳиллик йўқолса, меҳр-оқибат бўлмас экан!

– Э, бу болага меҳр-оқибатни тушунтириб бўлмайди, – дейишди қушлар.

– Балки унга сеҳрли китоб берсак, шу китобдаги насиҳатларни ўқиб, ақли кириб қолар, – умид билан уларга қаради Укки.

Кейинги кун тут дарахтидаги йиғинда Укки ғазабини босолмай, шундай деди: – Бўривой мен хонада қолдирган китобни уйнинг тўрига улоқтирди. Муқоваси йиртилиб, варақлари сочилиб кетди.

– Эсиз китоб.

– Ёмон бола экан у.

– Ёмон ҳам гапми, – йиғламсираб гапга қўшилди ярадор каптар, – ёмонлардан ёмон.

Ҳамма умид билан донишманд Уккига қаради. У бироз ўйланиб тургач, ичкарига кириб кетди. Ва қанотларида бир гиёҳни олиб чиқди.

– Бу сеҳрли нарса, бобом, ундан эҳтиёт бўлиб фойдаланинглар, деб айтган.

– Айни вақти ҳозир, – чуғурлашди қушлар.

– Кейин пушаймон қилиб қолмаймизми, ишқилиб? – Атрофга савол назари билан боқди Укки.

– Йўқ, йўқ, – дейишди қанотлилар.

– Бўлмаса, бу ишнинг режасини тузайлик. Гиёҳни боланинг юзига уриш керак. Буни ким уддалай олади? – Ҳеч қайси қушнинг юраги дов бермасди. Улар бир-бирига қараб, чуғурлашиб қўйишди.

Мен уриниб кўраман, – олдинга чиқди ярадор каптарнинг шериги. – Чорасини кўрмасак, бир кунмас бир кун мени ҳам уради.

Донишманд Укки унга нима қилиш кераклигини ўргатди. Болани қандай чалғитиб туриш, қандай ҳужумга ўтиш келишиб олинди. Ҳамма баравар ўша ҳовлига қараб учди. Бўривой бу пайтда каптарга тузоқ ясамоқда эди. “Агар тириклай ушласам, нариги кўчадаги Собирга пуллайман!” – деган хаёл билан турган эди, сал нарироққа бир каптар қўнди. Бола қўйнидан дон олиб сочди.

– Кел, келақол, – Бўривой унга яқинроқ силжиди. Икки қўли билан тўрни пайпаслай бошлади. Шу пайт қуш “пар” этиб осмонга кўтарилди-ю, ҳайрон қолган боланинг юзига ўзини урди.

– Вой,... юзим, – деди-ю Бўривой ўтириб қолди. Қушлар жим бўлиб, натижани кута бошладилар. Бола ўрнидан турмоқчи эди, бўлмади. Ҳаммасидан қизиғи у кичрая бошлади. Кичрайиб-кичрайиб, охири бир қарич бўлиб қолди.

– Ана холос, – деди анграйиб она товуқ.

– Пишди гилос, – пичинг қилди Укки. – Энди кўнгилларинг тўлдими? Мен кетдим.

У уйи томон учиб кетди. Ҳамма унинг изидан қараб турган пайтда бола секин сирғалиб уйга қочмоқчи бўлди.

– Э йўқ, ҳурматли болакай, – олдидан тўсиб чиқди Хўроз.

– Қаёққа? Бир тепиш ўйнамаймизми?

Бўривой “Йўқ, йўқ!” дегунча бўлмай, хўрознинг тепкисидан учиб кетди. У ҳавода айланиб бориб, ўсиқ ўтлар орасига тушди. Эмаклаб яширинмоқчи эди, товуқлардан бири тумшуғида уни илиб олди ва... “мана, мана” деб яна тепкилай бошлади.

Иккинчи тепкидан кейин бола умбалоқ ошиб, анор шохларига илиниб қолди. Товуқлардан қутулди-ю, лекин ҳамма ёғи шилиниб, тирналиб кетди.

– Ҳурматли Хўрозвой, жон товуқлар! Мени чўқиманглар. Мен сизларга дон олиб келаман.

– Ҳо, энди ҳурматли бўлиб қолдикми? – Кўзларидан ўт чақнади Хўрознинг. – Қўлимизга тушсанг биласан.

Хўроз ва товуқлар айланиб-айланиб, уни тутолмагач, уйнинг орқа тарафига ўтиб кетишди. Бўривой бўлса бундан фойдаланиб, анордан тушиб югуриб уйига кириб олди. Унинг бу аҳволини кўриб, ота-онаси роса ташвишга тушишди. Лекин на илож, қўлларидан ҳеч нарса келмади. Энди бола ўйнагани ҳовлига чиқолмасди, чунки хўроздан қўрқарди. Аммо кун бўйи уйда ўтириш ҳам кони азоб экан. Гоҳ деразанинг ёнида туриб ҳовлини томоша қилиб ўтиради, гоҳ кичкиналигидаги ўйинчоқларини ўйнайди. Лекин ҳеч нарса ўртоқлари билан мазза қилиб ўйнаганига етмасди. Энди борса ўртоқлари ҳам қўшмаса керак, чунки ўзи шундай қиларди. Нега шу аҳволга тушди-а? Бўривой бунинг сабабини сал-пал англагандай бўлди, негаки, яқинда дарсда шунга ўхшаш воқеани ўқитувчиси тушунтириб берганди. Аммо қилган хатосини бўйнига олгиси келмасди.

Кеч бўлиб қолди. Товуқлар катакка киришди, лекин эшиги очиқ қолди. Эшикни ёпадиган онаси қўшниникида гаплашиб қолди. Бўривой дераза пештахтасида тик турганича атрофни кузата бошлади. Шу пайт молхонанинг орқа тарафида, дарахтлар орасида тулкининг думи кўринибди.

– Оббо, энди нима бўлади?

Бола зўр бериб кучугини чақира бошлади. Ҳуштак чалди, лекин ҳуштаги аввалгидек чиқмади. “Нима қилсам экан?” – деб роса боши қотди. Агар тулки товуқхона эшиги очиқлигини кўрса, аҳвол чатоқ! Битта ҳам товуқ қолмайди.

Ўйлаб ўтиришга вақт йўқ. Бўривой деразадан тушди-да, секин ташқарига мўралади. Ҳаммаёқ тинч. Товуқлар яқинлашиб келаётган хавфдан бехабар. Бола катакка яқинлашиб, қўлидаги чўп билан эшик илгагини туширди. Эшик ёпилди. “Хайрият!” Кўнгли тинчланиб энди уйга қайтмоқчи эди, шу тарафга қараб келаётган тулкига кўзи тушди. Яшириниш керак, аммо қаерга? Товуқхонага кирмоқчи бўлди, аммо даҳшатли оёқлар эсига тушди. Бу орада тулки ҳам етиб келди. Кичкина болани кўриб ҳайрон бўлди. Бўривой қўрққанидан кўзини “чирт” юмиб олди. Тулки уни ҳидлаб-ҳидлаб, нари кетди. Товуқхонани айланиб, киролмади. Кейин бир сакраб, қўшни ҳовлига ўтиб кетди. Бу ҳолатни она товуқ кўриб турган эди. Бўривойнинг яхши иш қилганини билиб, ўзича фикрлаган бўлди.

Эртаси куни кутилмаганда она товуқ касал бўлиб қолибди. На дон чўқибди, на сув ичибди. Товуқлар барчаси унинг атрофида тўпланишиб, нима қилишни, қандай ёрдам беришни билишмай боши қотибди. Хўроз томга чиқиб, чўзиб-чўзиб қичқирибди. Унинг товушини эшитиб ҳалиги жуфт каптарлар учиб келишибди.

– Нима гап, ҳурматли хўроз? – деб сўрашибди улар. Хўроз ва товуқлар бўлган воқеани айтиб беришибди. Каптарлар касал товуқни синчиклаб кўздан кечиришибди ва нариги маҳаллада ҳам шундай касаллик бошланганини айтишибди.

– Бунинг давоси борми? – ташвишга тушиб сўрабди хўроз.

– Бор эмиш, – жавоб қилди бир каптар. – Анави кўриниб турган тоғда ёввойи бодом бор экан. Унинг данагини эзиб едирилса тузалар эмиш. Бўлмаса...

– Нима бўлмаса?! – баравар қоқолашибди товуқлар.

– Касаллик барчага ўтиб, парранда зоти қирилар эмиш.

– Вой, вой, энди нима қилдик? Бекорга ўлиб кетаверамизми?

– Ўша бодом данагини олиб келиш керак! Товуқлар бор товушлари билан катакни бошларига кўтаришибди.

– Жим! Кишт-е! – дарғазаб хўроз у ёқдан-бу ёққа юра бошлабди. – Бирор чорасини топармиз ахир! – Ҳамма унга умид билан боқибди. Чунки у ҳаммадан ақлли экан-да.

– У тоғга сиз макиёнларнинг боришингиз фойдасиз, нега-ки, тулки деган хавф бор.

– Унда ким боради? – дейишибди патлари шалпайиб товуқлар.

– Бўривой бориши керак! – дебди ҳаммани ҳайрон қолдириб Хўроз, – чунки у одам боласи, биздан яхши фикрлай олади.

– У хоҳлармикан? – дебди қизил макиён.

– Илтимос қиламиз, – қарор қилибди Хўроз. Ташқарига чиққан болани товуқлар дарров тумшуғида илиб, катакка келтиришибди. Хўроз эшик ёнида туриб олибди. Бўривой қўрққанидан бир бурчакка биқинибди.

– Жон товуқлар. Мени чўқиманглар, нима десанглар олиб келаман. Ошхонада макка дони ҳам, буғдой ҳам бор. Кўп олиб келаман. Хўроз унга бўлган ҳодисани тушунтирибди.

– Сен бизга ана шу ишда кераксан, Бўривой. Бўлмаса она товуқдан айрилиб қоламиз. Нима дейсан?

– Розиман, – дебди бола, чунки товуқларга берган озоридан виждони қийналаётган экан. “Яхшилик ҳам қилиш керак-ку!” – ўйлабди у. У уйидан битта таёқ ва халтача олиб чиқибди.

– Кетдик.

– Менга миниб олақол, – дебди Хўроз. – Шунда тезроқ етиб оламиз. Иккаласи шитоб билан тоққа йўл олишибди. Сўқмоқлардан юриб, жарликлардан учиб ўтишибди. Ниҳоят тоғга етиб келишибди. Баландликка кўтарилишибди-ю, ёввойи бодомга кўзлари тушибди. Унинг тепа шохларида мевалари осилиб турганмиш. Энди таёқ билан бодомни қоқамиз, деб туришса, шу тарафга келаётган тулкини кўриб қолишибди.

– Аҳвол чатоқ, Бўривой, – дебди Хўроз. – У мени кўрдими, ташланиши аниқ.

– Бунинг чораси бор, – дебди бола. Кейин чўнтагидан пақилдоқлар чиқарибди.

– Ҳозир “сичқоннинг ини минг танга” бўлади. Тулки бодом дарахти устидаги хўроз билан кичкина болани кўрибди. Тамшаниб тепага сакрабди. Бўйи етмабди, лекин кетмабди ҳам. Шу пайт Бўривой битта пақилдоқни пастга ташлабди. У шунақанги пақиллабдики, тулки милтиқ отилди, деб ўйлабди. “Ўлдим” дебди-ю, тура қочибди. Хўроз билан бола дарров бодомларни теришибди-да, қишлоққа қайтишибди. Энди бодомни янчиш керак экан. Бола ошхонадан кичкина ҳовончани олиб келибди. Кўплашиб, бир амаллаб дори тайёрлашибди. Уни ичган она товуқ сал енгиллашибди. Бўривой роса чарчаган экан, уйга кирибди-ю, таппа қотиб ухлаб қолибди. Бир соатлардан кейин ўзига келиб уйғонса, отаси билан онаси товуқларнинг касал бўлаётгани ҳақида гапиришаётганини эшитиб қолибди.

– Нариги маҳаллада ёппасига касал бўлишибди.

– Кейин нима қилишибди? – ташвишланиб сўрабди онаси.

– Нима қилишарди, – дебди отаси, – сўйиб, қозонга босишади. “Ахир бунинг давоси бор-ку”, ўйлабди Бўривой. Лекин фикрини ота-онасига тушунтира олмабди. Бориб товуқларни огоҳлантирай, – деб ўйлаб секингина уйдан сирғалиб чиқибди-да, катакка чопибди.

– Тезроқ бу ердан кетмасанглар, кеч бўлади.

– Аммо қаерга борамиз? – ҳайрон бўлибди Хўроз.

– Сой бўйида амакимнинг ташландиқ ҳовлиси бор. Ҳеч ким турмайди. Кетдик, ўша ёққа.

Яна бола хўрозни миниб олибди, товуқлар эргашишибди. Ростдан ҳам ҳовли кенг, ҳеч ким йўқ экан. Шу ерда доривор бодомдан ҳаммалари тўйиб ейишибди. Бу орада касаллик ҳам қишлоқдан чекинибди. Бўривой хўрозга миниб икки-уч марта ошхонасидан уларга дон олиб келибди. Ҳалиги бир жуфт каптарлар ҳам улар билан яшашибди, озиқланишибди.

Ниҳоят уларнинг ўз ҳовлисига қайтадиган вақти бўлибди. Ҳаммалари шод-хурсанд, соғ-саломат юрганидан кайфиятлари кўтарилиб, ҳовлида бехавотир сайр қила бошлашибди. Фақат Бўривойнинг юрагига қил сиғмас эмиш. Ахир у ўртоқларидан ажралиб қолибди-да. Унинг бу ҳолатини она товуқ сезибди.

– Уни кечириш керак, – дебди у.

– Рост, – дейишибди қўш каптарлар. – Биз ҳаммасини кўрдик. У бутунлай ўзгарган.

– Бўлмаса, – дебди Хўроз. – Ўша гиёҳни олиб келинглар. Каптарлар хурсанд бўлишиб, тут дарахтига учишибди. Донишманд Укки боланинг яхши томонга ўзгарганини эшитиб, “ҳо-ҳо” деб кулибди ва сеҳрли гиёҳни берибди. Каптарлардан бири кечаси бола ухлаб ётганида унинг юзига секингина гиёҳни тегизибди. Ўзи деразадан учиб чиқиб кетибди. Эрталаб Бўривой уйғонса яна аввалги ҳолига қайтган эмиш. У жуда ҳам хурсанд бўлибди. Онасига ёрдам берибди. Товуқларга сув, дон берибди. У энди сира ҳам ёмонлик қилмас экан. Ахир бўлиб ўтган воқеадан яхшигина сабоқ олибди-да.

Тулкининг уйи

Бор экан-у йўқ экан, оч экан-у тўқ экан, обод дашт қишлоғида томорқаси каттагина аҳил оила яшар экан. Уй бекасининг буюртмасига кўра ота-ўғил шу томорқалари четида қурган янги қўноқ – товуқкатак бинойидек чиқибди. Мўжаз ҳовлиси сим тўр билан ўралган. Эрта-индин товуқлар шу жойга кўчирилади. Тушдан кейин беканинг ўғли Жавлон қараса, занжирдаги...

Хўроз минган бола (эртак)

Бўривой ҳовлига чиқиб, у ёқ-бу ёққа қаради. Дон чўқилаётган хўрозни бир тепиб, қоқолатди-ю, кўчага ошиқди. Кечқурун ҳовли четидаги товуқхонада тепки еган хўроз йиғламсираб, ҳасрат қила бошлади......

Ғалати ит

Бир бор экан, бир йўқ экан. Катта бир адирда бир қанча итлар бирга яшашар экан. Бу итларнинг ранглари турлича экан. Бири қора,бир оқ, бири жигарранг экан. Бир куни бу ерга олачи пор ит келибди. Итлар уни узоқдан кўриб ҳайрон бўлиб қолишибди......

Кенгуру ва шифокор Лайлак

Қадим замонларда кичкина кенгуру яшаган экан. У ота-онаси билан яшар экан. Кенгурулар туғилганда жуда кичкина бўлар экан. Улар олти ойлик бўлгунча онасининг қорнидаги халтачада юрар, она сути билан овқатланишар экан. Кангу ҳам туғилгандан бери онасининг халтасида яшар экан. Бу ерларга баҳор келибди. Ҳамма ҳайвонлар табиат қўйнида ўйинлар ўйнай...

Болам қаерда

Бир бор экан, бир йўқ экан, бир кўл атрофида тинч яшайдиган ўрдак оиласи бор экан. Ўрдак ҳар куни ўн нафар боласи билан кўлда сузар экан. Кўлнинг четида чинор дарахти бор экан. Унинг шохлари узун бўлиб, бир қисми кўлнинг ичига қараб ўсган экан. Ўрдак ҳар куни болалари билан бирга шу чинорга қараб сузар экан. У тумшуғини сувга тиқиб олар ва чинор...

Тойчоқ ва поезд

Саман поезд йўли яқинида яшайдиган тойчоқ экан. У тез-тез темирйўл вокзалига борар, поезднинг келиб кетишини кузатар экан. Поезднинг овози ва тутун чиқариб юриши унга жуда ёқар экан......

Очкўз бўри

Бир бор экан, бир йўқ экан, улкан ўрмонда бир айёр тулки бўлган экан. Бир куни у йўлда, бўрини учратибди. Бўри семизгина қуённи тишлаб кетаётган экан. Тулки бўрига......

Шоколадли кеча

Зиёда саккиз ёшли ёқимтой қиз экан. Қишки таътил кунларида у кўп вақтини хонасида ўйинчоқлар ўйнаб ўтказар экан. Ўша куни Зиёда хонасида копток ўйнаётганида онаси ошхонадаги шкафга катта қутида шоколад қўяётганини кўриб қолибди. Қизалоқ шоколадни жуда яхши кўрар экан. Шунинг учун бутун ҳаёли шоколад қутисида бўлибди. Аввал ўзига-ўзи:" Онам...

Ари билан Капалак

Ари билан ипак қурти бир боғда яшайдиган иноқ дўстлар экан. Улар кунларни шу боғда ўйнаб ўтказаишар экан. Лекин охирги кунларда ипак қурти ари билан ўйнамай қўйибди. Ари қачон ипак қуртининг олдигакелса: - Чарчаганман, уйқум келяпти, - дер экан. Бир куни ари ипак қурти ётган дарахт япроғига қўниб хафа бўлган оҳангда: Сен нега бунчалар ҳорғин ва...

Шляпа кийган ҳайкаллар

Тоғдаги бир қишлоқда ниҳоятда камбағал чол билан кампир яшар эди. Эр-хотин похолдан шляпа тўқишар, чол уларни шаҳарга сотгани олиб борарди. Савдоси юришса, бирор егулик олиб қайтарди. Шляпа сотилмаган куни қариялар оч-наҳор ухлашга мажбур бўлишарди......

Фикр қўшиш