Тулкининг уйи

Тулкининг уйи
Тулкининг уйи


Бор экан-у йўқ экан, оч экан-у тўқ экан, обод дашт қишлоғида томорқаси каттагина аҳил оила яшар экан. Уй бекасининг буюртмасига кўра ота-ўғил шу томорқалари четида қурган янги қўноқ – товуқкатак бинойидек чиқибди. Мўжаз ҳовлиси сим тўр билан ўралган. Эрта-индин товуқлар шу жойга кўчирилади. Тушдан кейин беканинг ўғли Жавлон қараса, занжирдаги Олғир лақабли итлари янги қўноққа интилиб тинмай ҳураётганмиш. Аста бориб мўралабди. Не кўз билан кўрсинки, қўноқда сариқ-қўнғир юнгли бир тулки кўзлари чақнаб, пусиб ўтирганмиш. Ҳурпайган думи узун, учи оқ.

– Бу ерда нима қиляпсан? – сўрабди Жавлон. – Товуқ ўмаргани келдингми?

– Йўғ-э, – дебди Тулки қалтираб, – қорнимни тўйдириш учун менга даштдаги кемирувчилар, у-бу ўлимтиклар ҳам етади, товуқларинг билан ишим йўқ. Илтимос, анави итингни овозини ўчир, овчилар мендан хабар топишса, ҳолимга вой. Кейин ҳаммасини бафуржа тушунтираман.

Қўрқувдан дағ-дағ титраётган Тулкига боланинг раҳми келибди, итининг ёнига бориб:

– Олғир, жим бўл, – деб буйруқ берибди.

– Нима учун ахир? – деб Олғир ҳайратдан ярми шалпайган қулоқларини диккайтирибди. – Ярамас Тулки келиб қўноққа кириб кетса-ю, кўра-била туриб, мен жим ўтирайми?


– Нияти ёмонга ўхшамайди, ҳозир ўзим у билан яхшилаб гаплашаман, сен шовур кўтармай тургин.

– Хўп, хўп, хўп, – деб қўйибди Олғир қулоқларини тушириб, ноилож, буйруққа бўйсуниб.

Жавлон қўноққа қайтиб, Тулкидан нега бу ерга келганини суриштирибди.

– Иккита овчи ортимдан тинмай таъқиб қиляпти, – дебди Тулки кўзига ёш олиб. – Ҳозир шу ерга ҳам мени излаб келиб қолишса, ажабмас. Уларнинг нияти, даштдаги барча ёввойи ҳайвонларни қириб битириш. Ўтган йили бўрилар ёвуз кимсалардан зада бўлиб, аллақаёқларга қочиб кетишди. Айни пайтда ўша кунлар бизнинг ҳам бошимизга тушди. Каклик, жайра, бўрсиқ, қуёнлар ҳам тумтарақай бўлишмоқда. Ўққа учганлар, тузоққа илинганлар қанча. Эрталаб менинг изимга тушишганди, оёғимдан мадор кетгач, қишлоқдан бошпана топишга мажбур бўлдим.

– Тағин алдаётган бўлмагин, минг қилса ҳам “айёр” деган номинг бор, – шубҳаланибди Жавлон.

– Алдамчиликка бало борми, – янада маъюс тортибди тулки. – Ҳаётим қил устида турибди-ю.

Шу пайт кўча томондан дўриллаган овоз эшитилибди. Жавлон қараса, елкасига милтиқ осган, кўзлари олайган икки нафар овчи томорқаларга бўйлаб, ниманидир излашяпти.

Буни кўрган бола Тулкининг айтганларига ишонибди, қўноқ панасига ўтиб жим ўтирибди, аммо сотиб қўймасмикан, деган ўйда итидан хавотир олибди.

Олғир сотмабди, бир оғиз ҳурмабди ҳам. Овчилар кетгач, Жавлон итининг ёнига келибди.

– Раҳмат сенга, Тулкивойни ўлимдан сақлаб қолдинг, – дебди.

– Тулкининг тирик қолишига қарши эмасман, лекин мени менсимасдан қўриқлаётган ҳовлимга кириб, айнан қўноқда ўтирганига ҳечам чидай олмаяпман, айт, бу ердан кетсин, – деб ғингшибди Олғир.

– Бироз сабр қил, ҳозир ҳал қиламиз, – дея Жавлон уй томон кетибди. Овқат олиб келиб Тулкига едираётган паллада Олғир яна бўралатиб ҳуришни бошлабди.

– Жим, жим, – Жавлон итининг олдига югуриб борибди. – Бу нима қилганинг? Овқатни қизғаняпсанми?

– Мен овқат қизғанаётганим йўқ, – дебди Олғир, – қўноқда тулки борлигига чидай олмаяпман. Уялиб кетяпман, бурчимни бажармай туролмаяпман.

– Олғирвой, – деб Жавлон итининг бошини силабди. – Шовқин кўтараверсанг чатоқ бўлади. Тулкининг ҳаётини сақлаб қолишимиз керак. Униям тушун-да, ахир.

– Хўп, хўп, хўп, – Олғир яна боланинг амрига бўйсунибди.

Тулки билан гаплашиб турган пайт Жавлоннинг синглиси келиб қолибди, уям қўноқдаги “аломат”ни кўрибди. Аввалига қўрқибди, кейин кўзи кўникиб, томоша қилибди.

– Кўрганингни бошқаларга айта кўрма, – деб тайинлабди Жавлон. – Бечора Тулкига ёмон бўлиши мумкин.

– Бўпти, айтмайман, – қизалоқ кўйлакчасининг этагини ҳилпиратганча уй томон югургилаб кетибди. Хонага кирибоқ: “Дада, ая, янги товуқкатакда тулки йўқ”, – деб сирни “яширибди”.

– Қанақа тулки? – деб сўрашибди уйдагилар.

– Ранги сариқ, жуда чиройли, – тушунтирибди қизча.

Ҳамма янги товуқкатак атрофига йиғилибди.

– У товуқ ўмаргани келмабди, овчилардан қочибди, ўзи айтди, – дебди Жавлон.

– Қутурган бўлмасин тағин, – дадаси хавотирга тушибди.

Жавлон Тулкининг бошидан кечирганларини, уни излаб келган овчилар ҳақида ҳам гапириб берибди. Шўрликни қутқариб қолишга ҳаммасини кўндирибди. Майли, бизникида яшайверади, дейишибди уйдагилар.

– Энди анави қўноқда товуқ, бу қўноқда тулки боқарканман-да, – дебди аяси қошларини чимириб.

Ҳамма кулибди, ая ҳам қўшилиб кулибди. Тулки эса:

– Сизларга раҳмат, яхши одамлар экансиз, лекин кетмасам бўлмайди, туғишганларимни топишим керак, менинг уйим – ёввойи табиат, – дебди.

Алқисса, бутун оила Тулкига оқ йўл тилаб, уйига жавоб беришга қарор қилишибди. Жавлоннинг дадаси ачиниш оҳангида:

– Яхши иш бўлмаяпти-да, – дебди бошини чайқаб.

Олғир ҳам қайрилма думини ликиллатиб:

– Омон бўл! – дея Тулкига яхши тилак тилабди. – Сенга бир нарса бўлса менинг ҳам бу ерда керагим йўқ, товуқларни нимадан қўриқлайман, ҳаммамиз бир-биримизга боғлиқмиз, бизларнинг борлигимиз, турли саргузаштларимиз ҳаётни ранг-баранг қилади, тўғрими?

– Тўғри, сен ва хўжайинларинг тушунган нарсани овчилар ҳам тушунса эди. Сенга раҳмат, бошим омон бўлса, тағин келиб қоларман, дўстим, – дебди Тулки.

– Хўп-хўп, хўп-хўп, – деб Олғирвой паст, аммо йўғон овозда ҳуриб қўйибди.

– Сен хавотир олма. Тонг отиши билан Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасига бориб, воқеани тушунтираман. Браконерларни жазолашади, – дебди Жавлоннинг дадаси.

Тулки ҳамма билан хайр-хўшлашгач, ўнг-сўлига аланглаганча томорқадан чиқибди-да, қоронғида кўздан ғойиб бўлибди.

Тошқотган аждарҳо

Қадимда Бойсун билан Шўрчи орасидаги кичик сўқмоқ Қорадарадан ўтарди. Савдогар, йўловчи карвонлари минг азоб билан дара ичидан ўтиб, Ҳисор томонларга боришарди......

Қирқ ямоқ ҳақи

Бир бор экан, бир йўқ экан, биз кўрмаган, биз бўлмаган замонларнинг бирида икки қўшни бўлган экан. Бири ўта бой, бўғзигача мой, иккинчиси унинг хизматида сочи оқарган, аммо косаси оқармаган камбағал экан......

Тулкининг уйи

Бор экан-у йўқ экан, оч экан-у тўқ экан, обод дашт қишлоғида томорқаси каттагина аҳил оила яшар экан. Уй бекасининг буюртмасига кўра ота-ўғил шу томорқалари четида қурган янги қўноқ – товуқкатак бинойидек чиқибди. Мўжаз ҳовлиси сим тўр билан ўралган. Эрта-индин товуқлар шу жойга кўчирилади. Тушдан кейин беканинг ўғли Жавлон қараса, занжирдаги...

Очкўз бўри

Бир бор экан, бир йўқ экан, улкан ўрмонда бир айёр тулки бўлган экан. Бир куни у йўлда, бўрини учратибди. Бўри семизгина қуённи тишлаб кетаётган экан. Тулки бўрига......

Сичқоннинг ношукурлиги

Бир бор экан, бир йўқ экан, кўм-кўк ўрмон ёқасида бир уй бор экан. Бу уйда бир кекса кампир ёлғиз яшар экан. Бир куни кампир эшик ёнида ип йигириб ўтирганда, қарға қувлаб келаётган сичқонни кўриб қолибди. Кампир ўрнидан туриб, қарғани калтак билан ҳайдабди. Сичқонни уйга олиб кириб, олдига бир кафт гуруч тўкибди......

Баҳодир табиб

Бор экан-у, йўқ экан, қадим-қадим замонда, жуда олис томонда, баланд тоғлар этагидаги кичкина бир кулбада Баҳодир исмли бола бобоси ва бувиси билан яшар экан. Баҳодир яшайдиган шаҳарда вабо касали кенг тарқалган бўлиб, отаси ва онаси шу касалга чалиниб вафот этган экан. Буваси уни эркалаб, Баҳодиртой, деб чақираркан. Аммо бу бахтли кунлар ҳам узоқ...

Шляпа кийган ҳайкаллар

Тоғдаги бир қишлоқда ниҳоятда камбағал чол билан кампир яшар эди. Эр-хотин похолдан шляпа тўқишар, чол уларни шаҳарга сотгани олиб борарди. Савдоси юришса, бирор егулик олиб қайтарди. Шляпа сотилмаган куни қариялар оч-наҳор ухлашга мажбур бўлишарди......

Хўроз минган бола (эртак)

Бўривой ҳовлига чиқиб, у ёқ-бу ёққа қаради. Дон чўқилаётган хўрозни бир тепиб, қоқолатди-ю, кўчага ошиқди. Кечқурун ҳовли четидаги товуқхонада тепки еган хўроз йиғламсираб, ҳасрат қила бошлади......

Дария ва турфа ранг балиқчалар

Қачонлардир кўм-кўк тубсиз денгиз ва қалин зумрад ўрмон оралиғидаги кичкина қишлоқда балиқчилар оиласи яшаган экан. Хонадон соҳиби Кали, меҳрибон бека Дилда, ўғли Мансур ва соҳибжамол қизалоқ Дариядан иборат бу уйда барчанинг ўз юмуши бор эди. Кали балиқ тутиб келар, Мансур парранда ва даррандаларни овлашда моҳир эди. Дилда ва Дария уй ишлари...

Бойлик топган бола

Бор экан-у, йўқ экан, қадим ўтган замонда бир чолнинг икки ўғли бўлиб, улардан бири сабрли ва меҳнаткаш, иккинчиси эса ялқов ва ишёқмас экан. Катта ўғил тинмай меҳнат қилгани учун ҳам соғлом ва бақувват бўлса, дангаса ўғил хўппа семиз ва дардманд экан......

Изохлар 1

  1. Офлайн
    Inomjon
    Inomjon 27 января 2022 19:30
    Shunday ertsklardan kòproq tashab turinglar rahmat oldindan

Фикр қўшиш