ОҚ ОРЗУЛАР ВА ҚОРА КЕЧМИШ

ОҚ ОРЗУЛАР ВА ҚОРА КЕЧМИШ

Оқ девор, оқ халатли шифокорлар... Деразадан ташқарига қарасанг, оппоқ қор. Қудрат болалигидан нафратланарди шу рангдан. Ўша даҳшатли куннинг рамзи эди, бу гўё...
1995 йил 21 декабрь. Атроф қорга бурканган, бутун оламни болаларнинг кулгуси эгаллаганди. Қудрат ҳам дўстлари сингари қор ўйнарди. Қанчалар соф, беғубор эди, ўшанда.Унинг қор заррасидек ҳам ташвиши йўқ эди. Қанийди чанасини олиш учун уйга кирмаса! Балки, беғубор болалиги шунда тинч ўтармиди? Мурғак елкасига ҳаётнинг оғир ташвишлари тушмасмиди?
Қудратнинг отаси ҳар куни ичиб келиб, гоҳ аламидан хотини билан жанжаллашар, уни урар, ҳатто, баъзида бир неча аёлларни уйига олиб келиб беҳаё ишлар қиларди. Қудратнинг онаси эса содда, беозор ва меҳрибон эди. У эрининг азоб-уқибатларига қарамасдан қанчалик оғир бўлмасин болаларининг отасиз қолмаслиги учун барига кўз юмиб келарди. Лекин, ичкиликка ружу қўйган отада фарзандларига нисбатан на меҳр, на қайғуриш ҳисси бор эди. 
Ўша куни ҳовлига кириши билан ота-онасининг бақир-чақири эшитилди. У қўрқа-писа улар жанжаллашаётган хонага мўралади. Онаси тинимсиз йиғлар, отаси эса унга қараб ҳақоратли сўзлар билан бақирар, жамадонини жаҳл билан йиғар эди.
- Чарчадим. Чарчадим баридан, айниқса сендан, шу турмушдан! Йиғлаб сиқтаганинг билан фойдаси йўқ. Мен барибир бошқасига уйланаман.
-Мени ўйламасангиз ҳам болаларингизни ўйланг, ахир улар гўдак. Уларга ота керак. Шундоғам болаликларидан меҳрга, бир оғиз ширин сўзингизга зор бўлиб ўсишди... Сизда инсоф борми ўзи... Ишламасдан топган-тутганимни ичкиликка, маишатга сарфладингиз. Мен шу болаларим учун сизнинг калтакларингизга, таҳқирлашларингизга чидадим. Энди бўлса уларни отасиз қолдирмоқчимисиз?!
-Эй, энди менга барибир.
Қудратнинг отасидан эшитган энг сўнгги сўзи шу бўлди. "Барибир”. Бу сўз унинг ҳаёти давомида худди акс-садодек ҳар дақиқа, ҳар сония жаранглаб турди. Мана шу бир оғиз сўз ёш болани бир кун ичида каттартириб қўйганди. У бу воқеадан кейин ҳамма ишда онасига ёрдам бера бошлади. Уч-тўрт йилдан сўнг эса бир кафега официант бўлиб ишга кирди. Чунки, онасининг маоши билан рўзғор тебратиб бўлмасди. Мактабдаги дарслари тугаши билан ишга шошарди. Кўпинча мактабга боролмасди ҳам. Коллежга киргач ҳам шу аҳвол давом этди.
Қудрат онасидан ҳеч қачон отаси ҳақида сўрамади. Буни билишни хоҳламасди ҳам. Укаси эса болалигида отасини қумсарди, чунки у уларни ташлаб кетганда бор-йўғи 4 ёшда эди. Аммо, вақт ўтиб бебурд ота уларни унутиб юборгани каби, у ҳам отасини унутди. Тўғрироғи, бундан бошқа иложи йўқ эди.
Қудрат дадаси ташлаб кетгандан буён онаси доим кечалари унсиз йиғлаётганини кўрарди. У ҳам икки қўли билан оғзини маҳкам ёпарди-да сим-сим кўз ёш тўкарди. Бугун ҳам...
-Она!
-Ўғлим, келдингми? - деди она кўз ёшларини артиб.
-Яна йиғлаяпсизми? - деди унинг ёнига бораркан.
-Йўғ-е, болам. Ўзингга нима бўлди, рангинг оқариб кетибди, - деди она боласининг юзини силаб.
-Шунчаки, бошим оғрияпти, - деди бепарволарча.
- Болам шу кунларда бошинг тез-тез оғрияпти, соғлигингга бундай беэътибор бўлма-да.
- Биламан она, эртага албатта, шифокорга кўринаман. Хавотир олманг. 
- Шундай қил болам. Вой, ахир эртага туғилган кунинг-ку, 18 га кирасан. Дарров кап-катта йигит бўлиб қолибсан-а, - деди ўғлига кулимсираб қарар экан.
- Ҳа-я, - деди Қудрат эсига тушиб:
Она уни бағрига босиб:
- Илойим бахтимга соғ бўлгин.
- Раҳмат онажон, - деди-да хонасига кириб кетди. Эртаси куни нимагадир ишга боргиси келмади. Ишдан жавоб олиб, коллежига борди. Дўстларини кўрди. Улар Қудратни туғилган куни билан табриклашди. У ўқишдан кейин ўртоқлари билан шаҳар айланди. Кечга томон уйга қайтаётганида боши қаттиқ оғриб кўзи тиниб кетди.... Авваллари ҳеч бундай оғримас эди. Ўзини ўнглаб олишга уринди, аммо танаси ўзига бўйсунмасди. Оёқлари бўшашиб, йиқилди. 
Қудрат кўзини очганида шифохонада экан. Бошида онаси йиғлаб турарди. У шифокорлар уни бошдан оёқ текширишганини, натижаларни кейинроқ олишлари мумкинлигини айтди. Бироз кутиб, шифокор олдига боришди. Улар шифокорнинг хонасига кирганларига 10-15 дақиқа бўлганига қарамай доктор жим ўтирар, кейин унга маъюс ва ачиниш ҳисси билан қарадида:
-Бардам бўлинг ука.... рак.... 3-босқич. Бундай ҳолларда тиббиёт беморни қутқариб қолишга ожиз...
Она карахт бўлиб қолди. Шу лаҳза Қудратга бутун бошли шифохонада ҳаво етишмаётгандек туюлди. Қаёққа қарамасин ўлим исканжаси кўринаётгандек эди. Ташқарига чиқди, осмонга қаради. Қуёш нурлари кўзларини ачиштириб юборди, мажбуран кўзларини юмди. Ҳушига келганида шифокорлар унинг бир неча сония қолган ҳаётини сақлаб қолишга уринишарди. Қудрат эса азойи баданининг оғриғига чидашга кучи қолмаганди. Шу сабаб ҳар тарафга аланглар, аммо қаёққа қарамасин оқ ранг ўлимининг яқинлигини эслатиб турарди. Ҳаётининг сўнгги лаҳзаларида унинг ичидан яшаш иштиёқи билан чексиз алам оқаётгандек эди.
"Мен шундай ҳаётни хоҳлаганмидим? Менинг бирдан бир ниятим онам зиммасидаги юкни енгиллаштириш эдику”. Унинг хаёлидан шундай сўзлар ўта туриб Қудрат яна отасини ёдга олди. Лекин унинг ёш бошини ҳаёт ташвишлари гирдобига ташлаганлиги учун эмас, балки шунчаки дунёга келишига сабабчи инсон бўлганлиги учун. Қудрат шу дам негадир бутун умр нафратланган отасини кўргиси келди. Танасини илма тешик қилиб юборган оғриқни унутиш учун кўзларини юмди. Беташвиш, болалиги, отаси билан ўтган бахтли кунлари, укасининг беғубор кулгулари кўз олдида гавдаланди. Кейин бирдан йўқолди. Шу пайт кўзига бундан ўн йил муқаддам вафот этган буваси кўринди.
-Юр болам кетамиз.
-Қаёққа?
-Кўнглинг озор чекмайдиган, осойишта жойга.
-Онам, укам?!...
-Ўғлим бу дунёда яхшилар кўп. Улар ёлғизланиб қолмайди. У фариштадай оппоқ кийимдаги бобоси томон қўлларини узатди....

Фикр қўшиш